add

Энди беморлар бошқа шифохонага ўтказилганда қабул қилувчи шифохонани ўзи танлайди

01.12.2025 | 16:451251 дақиқа

Янги низом беморларга ихтисослашган тиббий ёрдамни ўз вақтида олиш имконини кенгайтириш мақсадида стационар муассасалар ўртасида ўтказиш жараёнини тартибга солди.

Энди беморлар бошқа шифохонага ўтказилганда қабул қилувчи шифохонани ўзи танлайди

Адлия вазирлиги стационар тиббиёт муассасаларидаги беморларни тиббий кўрсатма асосида бошқа шифохонага ўтказиш тартибини белгилайдиган низомни рўйхатдан ўтказди. Низом 2025 йил 29 ноябрда 3715-рақам билан тасдиқланган бўлиб, у тиббий ёрдам сифатини ошириш ва беморнинг эҳтиёжига мос имкониятларни таъминлашни мақсад қилади.

Низомга кўра, беморга зарур ихтисослаштирилган ёрдам белгиланган муассасада мавжуд бўлмаса ёки ускуналар етишмаса, шифокор тиббий кўрсатма асосида уни бошқа муассасага ўтказишга қарор қилади. Бу жараён беморнинг ҳоли барқарор бўлганида ва шифокор кузатувида амалга оширилади.

Бемор қабул қилувчи шифохонани эркин танлаш ҳуқуқига эга. Танлов фақат зарур тиббий хизматлар ва шарт-шароитларни кўрсатиш имкониятига эга муассасалар доирасида амал қилади. Бу орқали бемор аҳволига мос шароитда ва тезкор тарзда ёрдам олиш имкони яратилади.

Ўтказишдан олдин қабул қилувчи шифохонада бўш ўринлар, зарур ускуналар ва мутахассислар мавжудлиги текширилади. Бу талаб беморни қабул қилишда ортиқча кечикишлар бўлмаслиги учун жорий этилган.

Беморларни ўтказиш тўлиқ бепул амалга оширилади. Шифокорлар бунда хавфсиз ташиш тартибларига қатъий риоя қилиши шарт бўлиб, беморнинг ҳаётий кўрсаткичлари мунтазам назорат қилинади.

Низом жорий қилиниши мамлакатда тиббий хизматларнинг тизимли ва шаффоф тарзда ташкил этилишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид