add

Энди дорихоналарда «Электрон рецепт» орқали ишлаш мажбурий бўлади

Кеча 13:263531 дақиқа

Дорихоналарда шифокор томонидан тайинланадиган айрим дори воситалари тизимга киритилган электрон рецепт асосида сотилади.

Энди дорихоналарда «Электрон рецепт» орқали ишлаш мажбурий бўлади

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги қарорига мувофиқ, дори воситаларини чакана сотиш фаолиятини лицензиялаш тартибига янги талаблар киритилди. Унга кўра, дорихоналар «Электрон рецепт» тизимига уланиши лицензия олиш ва уни сақлаб қолишнинг асосий шартларидан бирига айланди.

2025 йил 10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва тажриба-синов тартиби жорий қилинган 15 та туман ҳамда шаҳардаги барча дорихоналар электрон рецепт модули орқали маълумот алмашинувини реал вақтда таъминлаши шарт қилиб белгилади ва 2026 йил якунига қадар республикадаги барча дорихоналар ушбу тизимга тўлиқ уланиши мажбурий бўлади.

Янги талаб дори воситаларини рецептисиз бериш ҳолатларини қисқартиришга қаратилган. Амалдаги қонунларга кўра, рецепт асосида берилувчи дориларни қоидаларни бузган ҳолда сотганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Тизимга кўра, шифокор тайинлаган айрим дори воситаларини харид қилиш учун фуқаролар дорихонага электрон рецепт билан мурожаат қилиши керак бўлади. Бу нафақат бемор хавфсизлигини оширади, балки шифокор, дорихона ва бемор ўртасида рақамли ҳамкорликни кучайтиради.

Мутасаддиларнинг айтишича, «Электрон рецепт» тизимининг жорий этилиши:

Дори воситалари айланмасини шаффофлаштириш;

Суиистеъмоллик ҳолатларини камайтириш;

Аҳолининг дори воситаларини қабул қилишда хавфсизлигини ошириш;

Шифокор, дорихона ва бемор ўртасида рақамли ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қилади.

Теглар

Мавзуга оид

Энди дорихоналарда «Электрон рецепт» орқали ишлаш мажбурий бўлади | Vaqt.uz