add

Энди ўзбекистонликлар ўзлари тўлаган солиқлар нималарга сарфланаётганлигини кузатиши мумкин

02.12.2025 | 16:252502 дақиқа

2026 йилдан «Очиқ бюджет» портали ишга туширилади. Портал орқали фуқаролар ўзлари тўлаган солиқлар қайси йўналишларга сарфланаётганини реал вақтда кўра олади.

Энди ўзбекистонликлар ўзлари тўлаган солиқлар нималарга сарфланаётганлигини кузатиши мумкин

2026 йилдан фуқаролар «Очиқ бюджет» портали орқали ўзлари тўлаган солиқлар қайси йўналишларга сарфланаётганини реал вақтда кўра олади. Бу ҳақда Президентнинг 28 ноябрда қабул қилинган қарорида белгилаб қўйилди.

Қарорга мувофиқ, келгуси йил 1 январдан «Очиқ бюджет» ахборот порталининг янги модули ишга туширилиб, унда жисмоний шахслар тўлаган солиқлар ҳисобидан қилинган давлат харажатлари акс эттирилади. Янгиланган тизим орқали фуқаролар даромад солиғи, мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича тўловлари ҳамда ушбу солиқлар эвазига амалга оширилган харажатлар таркибини аниқ кўра олади.

Модуль орқали харажатлар йўналишлари кесимидаги маълумотлар доимий янгиланиб борилади. Бу орқали давлат маблағларининг шаффофлиги ошиши, солиқ тўловчиларнинг ўз ҳиссаси қай тарзда тақсимланаётганини баҳолаши ва бюджет сиёсатини кузатиб бориши учун имконият яратилади.

Янги портал Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади. Фуқаролар модулга OneID орқали кириш имконига эга бўлади. Шунингдек, 2026 йил февралдан бошлаб портал овоз берувчилар портретини қамраб олган маълумотлар базаси билан ҳам бойитилиши белгиланган.

Қарорга кўра, Давлат солиқ қўмитаси бир ой муддатда солиқ тўловчиларга оид маълумотларни қонунчилик талабларига мувофиқ автоматик тарзда порталда шахсий кўринишда шакллантиришни таъминлаши лозим. Бу фуқароларга ўз солиқ тўловлари ва улар сарфланган йўналишлар ҳақида аниқ ва ишончли маълумот олиш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ солиқдан қарзи борларнинг электр тўловига чеклов қўйилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.

Теглар

Мавзуга оид