Logo

Энди ўзбекистонликлар Қозоғистонга киришда электрон рухсатнома олиши талаб этилади

Кеча 18:122 дақиқа

Қозоғистон 1-ноябрдан визасиз режим амал қиладиган давлатлар фуқаролари учун QazETA электрон рухсатномалар тизимини босқичма-босқич жорий этишни бошлади.

Энди ўзбекистонликлар Қозоғистонга киришда электрон рухсатнома олиши талаб этилади © Ijtimoiy tarmoqlar

1-ноябрдан Қозоғистонга сафар қилаётганлар QazETA электрон рухсатномаларини олиши талаб этилади. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукуматининг 2026-йил 10-октябрдаги тегишли қарорида белгилаб қўйилди.

Янги тартиб Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли. Ҳозирда QazETA тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда, 2027-йил 1-июлдан эса электрон рухсатнома олиш барча тегишли сафарлар учун мажбурий бўлади.

Янги тартиб доирасида саёҳатчилар Қозоғистонга киришдан камида 72 соат олдин электрон рухсатнома олиш учун махсус ариза топширишлари керак бўлади.

QazETA қандай расмийлаштирилади ва у қанча вақт амал қилади?

Электрон рухсатномани олиш жараёни бепул бўлиб, у давлатнинг рақамли платформаси — Qazeta.kz сайти ёки QazETA мобил иловаси орқали амалга оширилади.

Рухсатномани расмийлаштириш учун фуқаролардан тизимда рўйхатдан ўтиш, паспорт орқали шахсни тасдиқлаш ҳамда сафар ҳақидаги зарур маълумотларни кўрсатган ҳолда электрон ариза тўлдириш талаб этилади.

Ариза юборилиб, тизим томонидан тасдиқлангач, электрон рухсатнома тақдим этилади.

Берилган рухсатнома 180 кун давомида амал қилади. Бироқ қайд этилишича, ушбу ҳужжат Қозоғистонда бўлиш учун рухсат берилган қонуний муддатни автоматик тарзда узайтириб бермайди.

Таъкидланишича, QazETA'нинг йўқлиги мамлакатга киришни рад этиш учун асос бўлмайди. Чегарачилар ҳозирча фақатгина рухсатноманинг мавжудлигини текшириб, уни расмийлаштириш тартибини тушунтирмоқда.

Кимлар электрон рухсатнома олишдан озод қилинган?

Янги талаб барча фуқароларга нисбатан қўлланилмайди. Хусусан, 16 ёшгача бўлган болалар, 65 ёшдан ошган фуқаролар ҳамда Қозоғистонда яшаш гувоҳномасига эга бўлган шахслар QazETA расмийлаштиришдан озод этилган.

Бундан ташқари, дипломатлар, расмий делегациялар аъзолари, халқаро ташкилотлар ходимлари, ҳаво ва денгиз кемалари экипажлари, поезд бригадалари, шунингдек, қочқинлар ва бошпана изловчиларнинг айрим тоифалари учун ҳам истиснолар амал қилади.

Чегарадан ўтишдаги муҳим жиҳатлар

Қоидаларга кўра, чегарани кесиб ўтишда саёҳатчи рухсатномани расмийлаштиришда фойдаланилган паспортнинг ўзини кўрсатиши лозим.

Шунингдек, расмийлар QazETA'нинг мавжудлиги Қозоғистонга автоматик киришни кафолатламаслигини эслатиб ўтмоқда. Мамлакатга киритиш бўйича якуний қарор чегара назоратидаги ваколатли орган томонидан қабул қилинади.

Теглар

Мавзуга оид

Энди ўзбекистонликлар Қозоғистонга киришда электрон рухсатнома олиши талаб этилади | Vaqt.uz