Энди солиқдан қарзи борларнинг ҳам электр тўловига чеклов киритилади

Бугун 16:002 дақиқа

Солиқ қарзи 1 млн сўмдан ортиқ бўлган истеъмолчиларнинг электр тўловларига вақтинчалик чеклов жорий этилади. Мазкур тартиб апрелдан бошлаб айрим ҳудудларда ишга туширилиши маълум қилинди.

Энди солиқдан қарзи борларнинг ҳам электр тўловига чеклов киритилади

Жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлигини ундиришда электр энергияси биллинг тизимига асосланган янги тартиб жорий этилди. Унга кўра, солиқ қарзи 1 млн сўмдан ошган фуқаролар учун электр тўловларига вақтинчалик чеклов қўйилиши мумкин. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Янги тартибга кўра, солиқ қарздорлиги 1 млн сўмдан ошган фуқаролар бир неча босқичда огоҳлантирилади.

Аввало солиқ ҳисобланганлиги ҳақида хабарнома тақдим этилади, кейин СМС орқали эслатма юборилади. Шунингдек, «Солиқ» мобил иловаси ва Ягона портал орқали ҳам маълумот берилади.

Агар қарздорлик бартараф этилмаса, солиқ органлари электр тўловларига чеклов киритилиши мумкинлиги ҳақида қўшимча СМС-хабарнома юборади. Фуқаролар махсус ҳавола орқали қарздорлик ҳолати ва огоҳлантириш босқичларини кузатиши мумкин.

Барча огоҳлантиришларга қарамай қарз тўланмаса, электр энергияси учун тўлов амалга ошириш имконияти вақтинчалик чекланади. Қарздорлик тўлиқ қопланганидан сўнг эса чеклов автоматик тарзда дарҳол бекор қилинади.

Мазкур тизим 2025 йил ноябрда қабул қилинган президент қарорига мувофиқ жорий этилмоқда. Солиқ қўмитаси синов натижалари асосида 2026 йил 1 октябргача уни бошқа ҳудудларда ҳам татбиқ этиш бўйича таклиф киритиши лозим.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига кўра, ушбу механизмнинг асосий мақсади солиқ қарздорлигини камайтириш ва бюджет тушумларини ўз вақтида таъминлашдан иборат.

Маълумотларга кўра, янги тизим доирасида «Солиқ биллинг» автоматлаштирилган ахборот платформаси ишлаб чиқилган ва 16 апрелдан бошлаб Наманган вилоятида синов тарзида ишга туширилади. Тизимнинг натижаларига қараб уни бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилмоқда.

2025 йил 12 июль ҳолатига кўра, Наманган вилоятида 369 минг нафар жисмоний шахсда солиқ қарзи мавжуд бўлиб, уларнинг 43,4 минг нафарида қарздорлик 1 млн сўмдан ошган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг декабрь ойидан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида чиқинди хизматларидан қарздор бўлганлар учун электр тўлов амалиётлари вақтинча тўхтатила бошланганди.

Теглар

Мавзуга оид