add

Энергетика муаммолари инфляцион кутилмаларни пасайтиришга йўл қўймаяпти

Бугун 12:383 дақиқа

Декабр ойида инфляцион кутилмалар ўзгармаган бўлса-да, аҳоли ва тадбиркорлар қимматчиликдан хавотири ортган. Айниқса, коммунал хизматлар, ёқилғи ва энергия нархларининг ошиши инфляцияни рақамларда эмас, балки кундалик ҳаётда сезиладиган муаммога айлантирмоқда.

Энергетика муаммолари инфляцион кутилмаларни пасайтиришга йўл қўймаяпти

Декабр ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан ўзгаришсиз қолди, яъни 11,5 фоизни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич 2018 йилдан бери қайд этилган энг паст натижа ҳисобланади.

inflatsion kutilmalar 01

Аҳоли ва тадбиркорлар кутилмаларида энг катта хавотир коммунал хизматлар, ёқилғи ва энергия нархлари, шунингдек транспорт харажатларининг қимматлашуви билан боғлиқ бўлиб, бу TOP-3 кўрсаткич сезиларли даражада ортди. Бунга сабаб сифатида энергетика билан боғлиқ тизимли муаммоларни айтиш мумкин. Отабек Бакиров таъбири билан айтганда, аҳоли «энергожабрдийда»га айланмоқда. 

inflatsion kutilmalar 02

Тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари эса ўтган ойга нисбатан 0,6 фоиз бандга юқорилаб, 11,1 фоизни ташкил қилмоқда. Келгусида нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омиллар сифатида хомашё нархларининг қимматлашишини белгилаган тадбиркорлар улуши камайган. Шунингдек, солиқ юки юқори ва валюта курсининг ўзгариши «яшил» чегарада бўлса-да, бироқ хавотир сезиларли ортган. Умуман, тадбиркорлар инфляцион кутилмаларида ҳам деярли барча омиллар бўйича хавотирлар ортган.

Соҳалар кесимида ҳолат қандай?

Аҳолининг аксарият тоифаларида инфляцион кутилмалар ўртача кўрсаткичдан юқори шаклланган. Энг юқори инфляцион кутилмалар пенсионерлар томонидан билдирилган бўлса, нисбатан паст кутилмалар талабалар (9,5 фоиз), банк ва молия ходимлари (11,1 фоиз) ҳамда қишлоқ хўжалиги (11,2 фоиз) ишчилари томонидан қайд этилган.

inflatsion kutilmalar 03

Тадбиркорлар орасида келгусида нархлар шаклланиши бўйича энг юқори кутилмалар қурилиш соҳаси вакиллари томонидан қайд этилган бўлса, нисбатан паст кутилмалар маданият соҳасида кузатилган.

inflatsion kutilmalar 04

Ҳудудлар кесимида кутилмалар

Ҳудудлар ўртасида энг баланд инфляция пойтахт Тошкентда сезилган — 14,3 фоиз. Бу расмий инфляциядан деярли икки карра, 7 фоиз бандга кўпроқ. Бу нафақат аҳоли орасидаги юқори кўрсаткич, балки тадбиркорлар орасида ҳам пойтахтликларнинг кўрсаткичи (12,2 фоиз) энг юқори ҳисобланади.

inflatsion kutilmalar 05

Ноябр ойида Тошкент шаҳри аҳолисининг кўрсаткичлари кескин яхшиланган эди, унда 10,4 фоиз банд қайд қилинган.

Умуман олганда, ҳудудлар орасидаги кўрсаткичларда бир неча ойдан буён сезиларли тебранишлар бўлмоқда, бу бўйича изоҳ берилиши зарур.

Товар ва хизматлар

Декабрь ойида катта фарқ билан бензин ва ёқилғи, мева-сабзавотлар, газ ва электр энергияси нархлари ошганини билдирганлар улуши кескин ортган. Бунга ҳам энергетика билан боғлиқ вазият сабаб сифатида кўрсатилиши мумкин. Шу билан бирга, йўл ҳақи, кафе-ресторанлар, тиббий хизматлар, ижара ҳақи кўтарилганини қайд этганлар ҳам кўпайган. Умуман олганда, асосий турдаги товар ва хизматларнинг аксар қисми нархлари ошгани кўрсатилган.

Бундан ташқари, дори-дармонлар ҳамда кийим-пойабзаллар нархларида сезиларли пасайишлар қайд қилинган.

inflatsion kutilmalar 06

Маълумот учун, аввалроқ Vaqt.uz 2025 йилда қимматлаган ва арзонлашган товарлар рўйхатини таҳлил қилган эди.

Мамлакатда ойига 30 миллион сўмдан кўп даромад олувчиларга инфляция энг юқори даражада сезилган — 17,5 фоиз. 20–30 миллион сўм орасида даромад қилувчилар нархлар ўсишини 17,2 фоиз деб баҳолаган. Умумий ҳисобда ойлик тушумлари 4 миллион сўмдан кўп бўлганлар сезган инфляция даражаси ўртача кўрсаткич деб айтилган 12 фоиздан юқори бўлган.

Даромадга эга эмаслар, 2 миллион сўмгача ҳамда 2–4 миллион сўм даромад қилувчи аҳоли қатламлари инфляция даражасини сезмаган. Ахир уларнинг даромади паст ёки умуман бўлмаса, инфляцияни қаердан билишсин?

Соҳалар кесимида қаралганда, декабр ойида илм-фан ва таълим соҳасида ишловчилар нархлар 13,2 фоизга ўсганини қайд этган. Ўз навбатида, пенсионерлар учун сезилган инфляция даражаси ҳам юқори — 13,1 фоиз. Ишлаб чиқариш, ахборот, туризм, савдо, тиббиёт ва қурилиш соҳалари вакиллари ҳам инфляцияни ўртачадан юқори даражада сезган. Нисбатан паст сезилган инфляция даражаси маиший хизматлар соҳаси (10,3 фоиз) вакиллари томонидан қайд қилинган.

Расмий инфляция кўрсаткичлари барқарорликни кўрсатаётгандек туюлса-да, аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари бу тасаввурни тўлиқ тасдиқламаяпти. Амалда нархлар ўсиши энг аввало ҳаётий зарур товар ва хизматлар — коммунал тўловлар, ёқилғи, энергия ва транспорт харажатлари орқали сезилмоқда. Бу эса инфляцияни «қоғоздаги рақам» эмас, балки кундалик турмуш муаммосига айлантирмоқда.

Энергетика соҳасидаги тизимли муаммолар ҳал этилмагани ҳолда тарифларнинг ошиши аҳоли учун доимий босим манбаига айланиб қолмоқда. Тадбиркорлар кесимида эса хомашё эмас, балки солиқ юки ва валюта курсига боғлиқ ноаниқликлар биринчи ўринга чиқаётгани иқтисодий муҳитдаги ишонч муаммосини очиқча кўрсатмоқда. 


Теглар

Маҳлиё Ҳамидова

Маҳлиё ҲамидоваМақолалар сони: 32

Барчаси

Мавзуга оид