Logo

Марказий банк банкоматлардаги узилишлар учун банкларни жазолайди

Kecha 22:152 daqiqa

Ўзбекистонда 6 августдан бошлаб банкоматлар орқали нақд пул ечиб олишдаги хизмат кўрсатиш камчиликлари учун банкларга молиявий жарималар қўлланиши мумкин.

Марказий банк банкоматлардаги узилишлар учун банкларни жазолайди © kupibilet.ru

Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Марказий банкнинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Муҳокама давомида банкоматлар орқали нақд пул ечиб олишда юзага келаётган техник муаммолар ҳам кўтарилди.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Кутбидин Бурханов маълум қилишича, 2025 йил давомида банкоматлар билан боғлиқ 290 мингта муаммоли ҳолат аниқланган. Улар орасида банкомат пул бермаслиги ёки банк картасини ушлаб қолиши каби ҳолатлар бўлган.

Унинг қайд этишича, қарийб 10 мингта мурожаат 15 кундан ортиқ муддатда ҳал этилган, 3 мингдан зиёд фуқаро эса муаммони ҳал қилиш учун ички ишлар органларига мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Муаммоларнинг аксарияти банкларга боғлиқ эмас

Тимур Ишметов банкоматлар билан боғлиқ 291 мингта ҳолат юқори кўрсаткич эканини тан олди. Бироқ у 2025 йилда банкоматлар орқали 341 миллион операция амалга оширилганини ва муаммоли транзаксиялар улуши жами операцияларнинг 0,08 фоизини ташкил этганини таъкидлади.

Марказий банк раиси сўзларига кўра, қайд этилган ҳолатларнинг 85 фоизи банклар фаолияти билан бевосита боғлиқ эмас. Муаммоларнинг бир қисми банкоматда зарур номиналдаги купюралар мавжуд эмаслиги, картанинг блокланиши ёки ПИН-коднинг нотўғри киритилиши билан изоҳланади.

Шунингдек, алоқа узилиши ва электр таъминотидаги муаммолар ҳам сезиларли улушни ташкил этган. Бевосита банклар ва тўлов тизимлари операторлари фаолиятига эса тахминан 46 мингта ҳолат тўғри келган.

Августдан янги жавобгарлик тартиби кучга киради

Тимур Ишметовнинг билдиришича, Марказий банк энди банкоматлар билан боғлиқ муаммоларга фақат техник носозлик сифатида эмас, балки истеъмолчилар ҳуқуқларининг эҳтимолий бузилиши нуқтаи назаридан ёндашмоқда.

Шу мақсадда банкларга тўлов инфратузилмаси сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берилган. Шунингдек, регулятор томонидан тайёрланган янги меъёрий ҳужжатлардан бири 6 августдан кучга киради.

Янги тартибга мувофиқ, банкоматлар ва нақд пул ечиб олиш хизматларида мижозларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ қоидабузарликлар учун банкларга молиявий жарималар қўлланиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid