Швейцарияда аҳоли сонини 10 миллион билан чеклаш бўйича референдум ўтказилмоқда
Швейцария фуқаролари мамлакат аҳолиси сонини 2050 йилдан кейин 10 миллион кишидан оширмаслик ташаббуси бўйича овоз бермоқда.

Швейцарияда бугун бир вақтнинг ўзида икки муҳим масала — умумий фуқаролик хизмати ислоҳоти ва аҳоли сонини чеклаш бўйича референдум ўтказилмоқда. Энг кўп муҳокама қилинаётган ташаббуслардан бири мамлакат аҳолиси сонини 2050 йилдан кейин 10 миллион нафар билан чеклашни назарда тутади.
Асосий мақсад
Ташаббус уй-жой етишмаслиги, ижтимоий инфратузилмага ортиб бораётган юклама ва аҳоли ўсиш суръатлари билан боғлиқ хавотирлар ортидан илгари сурилган. Ҳозирги кунда Швейцария аҳолиси 9 миллион нафардан ошган бўлиб, амалдаги демографик ўсиш сақланиб қолса, таклиф этилаётган чегара 2050 йилдан анча олдин босиб ўтилиши мумкин.
Федерал кенгаш ташаббусга қарши
Мамлакатнинг олий ижроия органи ҳисобланган Федерал кенгаш эса фуқароларни мазкур ташаббусга қарши овоз беришга чақирмоқда. Ҳукумат апрель ойида чет элликлар томонидан кўчмас мулк сотиб олиш тартибини қатъийлаштириш бўйича янги таклифларни тақдим этган ва бу чораларни референдум мавзуси билан боғлаган.
Бизнес доиралари эса ташаббус маъқулланса, мамлакат меҳнат бозори учун зарур бўлган ишчи кучини жалб қилиш имкониятлари қисқаришидан хавотир билдирмоқда. Бугунги кунда Швейцария аҳолисининг чорак қисмидан кўпроғини чет эл фуқаролари ташкил этади. Уларнинг 82 фоиздан ортиғи Италия, Германия, Португалия ва Франциядан келган.
Аҳоли сонининг ўсиши уй-жой бозорида ҳам босимни кучайтирган. Маслаҳат компанияси Wuest Partner маълумотларига кўра, Цуг шаҳридаги уй-жой нархлари ҳозир Женевадан ҳам юқори даражага чиққан. Knight Frank’нинг 2026 йил ҳисоботига мувофиқ, Женевадаги элита кўчмас мулк нархлари Сингапур, Лондон, Ню-Йорк, Токио ва Париждаги кўрсаткичлардан ҳам юқори баҳоланган.





