Иссиқ сув тарифидаги 60 кунлик чеклов, ҳар бир турист учун 100 долларлик субсидия ва 74 миллионтага етган банк карталари — 12 июн дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ҳар бир жалб қилинган турист учун 100 доллар субсидия берилади
Ўзбекистонда туризмни рағбатлантириш мақсадида 2026 йил 1 июндан ҳар йили июн–август ойларида «Очиқ туризм мавсуми» дастури амалга оширилади. Янги тартибга кўра, мамлакатга жалб қилинган ҳар бир хорижий турист учун 100 доллар миқдорида субсидия ажратилади.
Шунингдек, Ўзбекистонга янги авиақатновларни йўлга қўйган маҳаллий ва хорижий авиакомпанияларнинг парвозлар билан боғлиқ харажатларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади.
Қарорга мувофиқ, маҳаллий туроператорлар ҳам қўшимча имтиёзларга эга бўлади. Хусусан, салоҳиятли хорижий бозорлардан жалб қилинган ҳар 1000 нафар турист учун 5 минг доллар субсидия ажратилади.
Ўзбекистонда банк карталари сони 74 миллионга яқинлашди
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июн ҳолатига мамлакатда муомаладаги банк карталари сони 73,7 миллионтага етди. Шунингдек, республика бўйлаб 445,9 мингта тўлов терминали ҳамда 46,5 мингта банкомат ва инфокиоск фаолият кўрсатмоқда.
Банк карталари сони бўйича «Халқ банки» 11,8 миллион карта билан етакчилик қилди. Кейинги ўринларда «Uzum Bank» (6,8 миллион), «Агробанк» (6,7 миллион) ва «Ипотека-банк» (5,6 миллион) жойлашди. Терминаллар сони бўйича «Ҳамкорбанк», банкомат ва инфокиосклар тармоғи бўйича эса «Халқ банки» биринчи ўринни эгаллади.
«Ўзбекистон темир йўллари» 1 июлдан айрим хизматлар нархини оширади
«Ўзбекистон темир йўллари» 2026 йил 1 июлдан бошлаб вагонларни етказиб бериш ва олиб чиқиш хизматлари тарифларини 5 фоизга оширади. Шунингдек, компания локомотивлари томонидан бажариладиган манёвр ишлари учун ҚҚСсиз 510,8 минг сўмлик ягона тариф жорий этилади.
Бундан ташқари, логистика хизматлари учун ҳам янги нархлар белгиланмоқда. Хусусан, ташилаётган объектларни қўриқлаш хизмати учун ҳар бир вагоннинг ҳар бир километрига 1386 сўм, юк кузатувчиси хизмати учун эса 100 сўмдан ҳақ ундирилади.
Иссиқ сув ва иссиқлик учун эски тарифларни сақлаш муддати қисқартирилди
Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув хизматлари учун олдиндан тўлов қилинганда тарифларни сақлаб қолиш муддати 12 ойдан 60 кунга қисқартирилди. «Veolia Energy Tashkent» маълумотига кўра, ўзгаришлар кўп квартирали уйларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш тартибига киритилган янги қоидалар асосида жорий этилмоқда.
Янги тартибга мувофиқ, истеъмолчи олдиндан тўлов қилган тақдирда, ўша вақтдаги тарифлар икки ой давомида амал қилади ва бу муддат ичида нархлар оширилса ҳам қўшимча ҳақ ундирилмайди. Бироқ 60 кунлик давр тугагач, кейинги ҳисоб-китоблар ўзгаради.
Қозоғистон Ўзбекистон билан чегара тўғрисидаги битимни ратификация қилди
Қозоғистон Сенати Ўзбекистон билан давлат чегараси режими тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади. Ҳужжат 2001 йилда имзоланган давлат чегараси тўғрисидаги шартнома ҳамда 2022 йилда якунланган демаркация жараёни натижалари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, 2024 йил август ойида Остона шаҳрида имзоланган эди.
Битим икки давлат ўртасидаги чегаравий муносабатларнинг ягона ҳуқуқий асосини шакллантиради. Унда давлат чегараси ва чегара белгилари сақланиши, фуқаролар, транспорт воситалари ва юкларнинг чегара орқали ўтиши, чегара ҳудудида хўжалик ишларини олиб бориш тартиби ҳамда чегарада юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш ва ҳал этиш механизмлари белгиланган.





