Энергетика тизимидаги камчиликлар ортидан «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари алмаштирилди
Президент қарори билан «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси бошқаруви раиси лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига Сардор Исақулов тайинланди. Бунга электр тармоқларидаги юқори йўқотишлар, дебитор қарздорлик ва тизимдаги бошқа жиддий камчиликлар сабаб сифатида келтирилган

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида тизимдаги муаммолар кескин танқид қилиниб, қатор раҳбарларга нисбатан кадрлар бўйича қарорлар қабул қилинди.
Йиғилишда электр ва газ тармоқларидаги йўқотишлар, инфратузилманинг эскиргани, ҳисоблагичлар фаолиятидаги камчиликлар ҳамда дебитор қарздорликнинг ортиб бораётгани танқид қилинди.
Электр тармоқларидаги йўқотишлар 17,2 фоизга етган
Қайд этилишича, бугунги кунда электр тармоқларидаги йўқотишлар 17,2 фоизни ташкил этмоқда. Жорий йилнинг олти ойида 4,8 млрд киловатт-соат электр энергияси йўқотилган. Андижон шаҳри, Асака, Янгиобод, Косон, Кўкдала, Бойсун, Олтинсой, Қўштепа, Тошлоқ, Қўшработ ва Самарқанд туманларида йўқотишлар 25 фоиздан ошган.
Шунингдек, АСКУЭ ва АСКУГ тизимлари жорий этилганига тўрт йилдан ошган бўлса-да, 300 мингта газ ва 234 мингта электр ҳисоблагичи тармоққа маълумот узатмаётгани, бу эса айрим ҳудудларда дебитор қарздорликнинг ортишига сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Йиғилишда Сурхондарёда қурилаётган буғ-газ электр станцияси лойиҳаси ҳам танқид остига олинди. Маълум қилинишича, станция учун жой нотўғри танлангани сабаб газни объектга етказиш учун қўшимча 300 млн доллар сарфлашга тўғри келмоқда. Масъулларга лойиҳа бўйича тузилган шартнома шартларини қайта кўриб чиқиш топширилди.
Тизимдаги жиддий камчиликлар учун энергетика вазири ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси раҳбари лавозимидан озод этилди.
Эслатиб ўтамиз, Асроржон Аскаров «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари лавозимида 2024 йилдан буён ишлаб келаётган эди.

«Ҳудудий электр тармоқлари»га янги раҳбар тайинланди
Аскаровнинг ўрнига эса Сардор Исақулов «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси бошқаруви раиси этиб тайинланди. Энергия инспекциясига Ахад Исоқжонов раҳбар бўлди.
Шунингдек, «Миллий электр тармоқлари», «Иссиқлик электр станциялари», «Трансгаз» ва «Ҳудудгаз» раҳбарларига йил якунигача синов муддати белгиланди. Натижа бўлмаса, улар ҳам лавозимидан озод этилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Давлат раҳбари янги раҳбарлар бугундан бошлаб мутлақо янгича иш услубини жорий этиши шартлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, Президент ҳокимларни ҳам энергетика соҳасидаги муаммоларга бефарқ бўлмасликка чақирди.
«Ҳокимлар ҳам «Бу энергетикларнинг иши» деб хотиржам ўтиришга ҳаққи йўқ. Сўров қаттиқ бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.





