Logo

Энг бой америкаликлар бир йилда қанча пул ишлаб топгани маълум бўлди

Бугун 09:002 дақиқа

«Forbes»нинг навбатдаги рейтинги АҚШда энг бойлар сафидан жой олиш тобора қийинлашаётганини кўрсатди. «Forbes 400» рўйхатига кириш учун энди камида $4,4 млрд бойлик талаб этилади — бир йил аввал бу кўрсаткич $3,8 млрд бўлган.

Энг бой америкаликлар бир йилда қанча пул ишлаб топгани маълум бўлди © Foto: forbes.com

АҚШдаги энг бадавлат 400 нафар одамнинг жами бойлиги бир йил ичида 1,4 триллион долларга ошиб, рекорд кўрсаткич — 8 триллион долларни ташкил қилди. Бу ҳақда «Forbes» нашри хабар бермоқда.

Шу билан бирга, ушбу нуфузли рейтингга кириш мезони ҳам сезиларли даражада кўтарилган. Энди рўйхатдан жой олиш учун камида 4,4 миллиард долларга эгалик қилиш талаб этилади. Бир йил аввал бу чегара $3,8 млрд бўлган. Натижада 590 нафар америкалик миллиардер мазкур мезондан ўта олмаган.

Рейтинг пешқадами яна Илон Маск бўлди. Унинг бойлиги бир йил ичида икки баробардан кўпроқ ошиб, $908 млрдга етган. Бир йил аввал «Forbes» унинг капиталини $428 млрд деб баҳолаган эди.

Технологиялар бойликни оширди

Маскнинг сармояси бу қадар кескин кўпайишига асосан унинг фазовий бизнеси сабаб бўлди. Нашрнинг таъкидлашича, июн ойида «SpaceX» ўтказган акцияларни бирламчи жойлаштириш (IPO) жараёни компаниянинг бозор баҳосини ва Маскка тегишли улуш қийматини сезиларли оширган.

Рўйхатда иккинчи поғонани 378 миллиард долларлик маблағ билан «Amazon» асосчиси Жефф Безос банд этди. Ундан кейинги учинчи ўрин 278 миллиард доллар билан «Google» ҳаммуассиси Ларри Пейжга насиб қилди.

Тўртинчи ўриндан «Dell Technologies» асосчиси Майкл Делл жой олган бўлса, «Google»нинг яна бир ҳаммуассиси Сергей Брин 256 миллиард доллар бойлик билан кучли бешликни якунлаб берди.

Сунъий интеллект миллиардерлари

Рейтингга янги қўшилган 34 нафар иштирокчининг ўндан ортиғи бевосита сунъий интеллект тармоғига алоқадор. Рўйхатга илк бор кирганлар орасида энг бойи «OpenAI» ҳаммуассиси Грег Брокман бўлиб, унинг бойлиги 25,5 миллиард долларга баҳоланди ва у 45-ўринни эгаллади.

Шунингдек, «Anthropic» компаниясининг олти нафар ҳаммуассиси ҳам рейтингга кирди — уларнинг ҳар бири 15,5 миллиард доллардан сармояга эгалик қилмоқда. Улар орасидаги Даниэла Амодеи АҚШда ўз меҳнати билан муваффақиятга эришган энг бадавлат аёллар орасида иккинчи ўринни қайд этди.

Дастлабки ўн бешликка кирган ягона аёл «Walmart» асосчисининг қизи Элис Уолтон бўлди. Унинг бойлиги 118 миллиард долларни ташкил қилмоқда. Умуман олганда, рўйхатда жами 62 нафар аёл бор ва бу кўрсаткич ўтган йилги даражада сақланиб қолган.

Теглар

Мавзуга оид

Энг бой америкаликлар бир йилда қанча пул ишлаб топгани маълум бўлди | Vaqt.uz