Энг катта ўсиш Сурхондарёда: Ўзбекистон ҳудудларида уйлар нархи қандай ўсяпти?
Сўнгги бир йилда мамлакат иккиламчи бозорида уйлар нархи 8 фоизга ошди. Бунда энг юқори ўсиш Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида кузатилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2026 йил январ ойи учун Ўзбекистон кўчмас мулк бозори таҳлилини тақдим қилди.
Январ ойида Ўзбекистон бўйича 28,6 мингта уй-жой олди-сотди шартномалари тузилди. Битимлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 12 фоизга ошди.
Марказм маълум қилишича, йил бошидан буён кўчмас мулк савдолари динамикаси мамлакат ҳудудларида ижобий тенденцияларни намоён этмоқда.
Кўчмас мулк бозорининг қарийб учдан бир қисми Тошкент шаҳрига тўғри келиб, савдолар ҳажми 33,4 фоизга ошди. Бу эса мамлакатдаги барча ҳудудлар орасида энг юқори кўрсаткич бўлди.
Шунингдек, Самарқанд (26 фоиз) ва Сирдарё (24 фоиз) вилоятларида ҳам битимлар сонининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Ўтган ойда иккилламчи кўчмас мулк бозорида (эски уйлар) нархларнинг мўътадил ўсиши қайд этилди.
Ўзбекистон бўйича иккиламчи уй-жой бозорида 1 кв метр учун ўртача нарх бир ойда 0,9 фоизга ошди. Нарх ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиши 8 фоизга кўтарилди.

Энг юқори нарх ўсиши Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида қайд этилди. Бу ҳудудларда уй-жой нархларининг ўртача ўсиши қарийб 24 фоизни ташкил қилди. Шунингдек, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда ҳам нархлар 16 фоизга ошди.
Тошкентда иккиламчи уйлар ўсишда давом этмоқда
Бундан ташқари, январда Тошкент шаҳрида иккилламчи уй-жой бозорида 1 кв метр учун ўртача нарх қарийб 1120 долларни ташкил этди ва ойлик ҳисобда 0,6 фоизга ошди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса нархлар қарийб 2 фоизга ўсди.
Иккилламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши Яккасарой (5,7 фоиз) ва Мирабад (4,3 фоиз) туманларида қайд этилди.
Шу билан бирга, пойтахтнинг бирламчи кўчмас мулк бозорида нархлар ўсиши нисбатан юқори бўлди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан янги қурилган уй-жойларда 1 кв метр учун ўртача нарх 9 фоиздан кўпроққа ошди.
Бирламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши Миробад (18,4 фоиз) ва Мирзо-Улуғбек (17,3 фоиз) туманларида қайд этилди.





