Эрон Ҳўрмуз бўғозидан ўтаётган кемалардан бож ундиришни бошлади
Ҳўрмуз бўғозининг амалда қамал қилганига қарамай, Эрон айрим кемаларнинг ўтишига рухсат берилмоқда. Бироқ бунинг эвазига Теҳрон халқаро денгиз ҳуқуқига зид равишда катта миқдорда ҳақ талаб қилмоқда.

«Bloomberg» нашрининг вазиятдан хабардор манбаларига таяниб хабар беришича, Эрон расмийлари бўғоздан ўтаётган кемалардан ҳар бир қатнов учун 2 млн долларгача маблағ ундиришни бошлаган. Бу тўловлар ҳозирча расмийлаштирилмаган ва ҳар бир ҳолат бўйича алоҳида келишилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Тўлов механизми ва қайси валютада ўтказилаётгани номаълум бўлса-да, айрим кемалар аллақачон бу маблағни тўлаб, бўғоздан ўтишга муваффақ бўлган. Бундай яширин тўловлар Теҳроннинг дунёдаги энг муҳим энергетик коридор устидан назоратини янада кучайтираётганидан далолат беради.
Боз устига, ўтган ҳафтада Эрон парламенти бошқа давлат кемаларидан Ҳўрмуз бўғозидан фойдаланганлик учун расмий бож ундириш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишни бошлади. Теҳрондаги сиёсий доиралар ушбу тўловни урушдан кейинги тинчлик келишувига киритиш ғоясини муҳокама қилмоқда.
Бироқ Форс кўрфазидаги бошқа давлатлар бундай «солиқлар»ни мутлақо қабул қила олмайди, чунки бу уларнинг Эронга бўлган иқтисодий қарамлигини тан олиш билан тенгдир.
Глобал таъминот
Ҳўрмуз бўғози орқали дунё нефть ва суюлтирилган табиий газ (СТГ) таъминотининг қарийб 20 фоизи ўтади. Шунингдек, бу йўл ўғитлар, металлар ва бошқа саноат маҳсулотларини ташиш учун асосий артерия ҳисобланади. Қизиғи шундаки, Эрон танкерлари ўз нефтини экспорт қилишда давом этмоқда.
АҚШ Молия вазири Скотт Бессент бир ҳафта аввал Вашингтон дунё бозорида энергия тақчиллиги юзага келмаслиги учун Эроннинг ўз нефтини олиб чиқишига «кўз юмаётганини» билдирган эди.
Бироқ, халқаро ҳамжамият Теҳроннинг бўғоздан ўтиш учун пул талаб қилаётганига кескин муносабат билдирмоқда. Хусусан, Ҳиндистон ҳукумати Форс кўрфазидан суюлтирилган газ олиб келаётган тўртта кемасини чиқариб олишга муваффақ бўлгач, баёнот билан чиқди. Деҳлининг таъкидлашича, халқаро ҳуқуқ Ҳўрмуз бўғозида эркин кема қатновини кафолатлайди ва ҳеч ким бунинг учун ҳақ ундиришга ҳақли эмас.
Иқтисодий оқибатлар ва хатарлар
Эроннинг бундай хатти-ҳаракатлари юк ташиш харажатларини кескин ошириб юбормоқда. Биргина қатнов учун 2 млн доллар тўланиши ёқилғи ва хомашё нархининг янада қимматлашига олиб келади. Суғурта компаниялари ҳам Яқин Шарқдаги хавфлар туфайли полис нархларини оширган. Натижада, Эрон томонидан ўрнатилган «норасмий божлар» нафақат халқаро ҳуқуқни бузмоқда, балки глобал инфляцияга қўшимча босим ўтказмоқда.
Агар Эрон парламенти ушбу тўловни қонунийлаштирса, бу АҚШ ва унинг иттифоқчилари учун янги ҳарбий-сиёсий зиддият омилига айланади. Доналд Трамп маъмурияти бўғозни очиш бўйича «оддий ҳарбий манёвр» ҳақида гапирган бўлса-да, Теҳроннинг бўғоздан пул ишлашга уриниши урушдан кейинги иқтисодий тикланиш жараёнини мураккаблаштиради.





