Эрон Ҳўрмуз бўғозини очиш ва урушни тўхтатишни таклиф қилди — «Axios»

Бугун 11:552 дақиқа

Теҳрон АҚШга блокадани бекор қилиш ва ҳарбий ҳаракатларни якунлаш бўйича янги дипломатик режа тақдим этди. Бироқ Эрон ядровий дастури бўйича музокараларни кейинги босқичларга суришни талаб қилмоқда, бу эса Оқ уйнинг қаршилигига сабаб бўлиши мумкин.

Эрон Ҳўрмуз бўғозини очиш ва урушни тўхтатишни таклиф қилди — «Axios»

«Axios» нашрининг хабар беришича, Эрон раҳбарияти АҚШга Ҳўрмуз бўғозини қамалдан халос қилиш қилиш ва урушни тугатиш бўйича янги таклиф билан чиқди.

Теҳрон музокараларни уч босқичга бўлишни таклиф қилмоқда: биринчи босқичда уруш тўхтатилиши ва Эрон ҳамда Ливан учун хавфсизлик кафолатлари берилиши, иккинчи босқичда бўғозни бошқариш масаласи ҳал этилиши керак. Энг баҳсли нуқта — ядровий дастур эса учинчи босқичга қолдирилган. Эрон томони дастлабки икки банд бўйича келишувга эришилмагунча, ядровий масалани муҳокама қилишдан бош тортмоқда.

Аммо АҚШ президенти Доналд Трамп бу таклифга нисбатан шубҳа билан қарамоқда. Унинг фикрича, қамалнинг ҳозир бекор қилиниши Теҳронга нисбатан асосий босим ричагини йўққа чиқаради.

Трамп аллақачон «Fox News» телеканали орқали яқин ҳафталарда Эронни ён беришга мажбур қилиш учун нефт экспортини тўлиқ тўхтатиб қўйган қамални давом эттириш ниятини билдирди. Шунингдек, у америкалик музокарачиларга Покистонга боришни тақиқлаб, Теҳрон агар келишишни истаса, Вашингтонга ўзи қўнғироқ қилиши кераклигини кескин тарзда маълум қилди.

Дипломатия маркази Москвага кўчмоқда

АҚШ билан музокаралар боши берк кўчага кириб қолган бир пайтда, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий Москвага йўл олди. У ерда Эрон вакили Россия президенти Владимир Путин билан учрашиши кутилмоқда. Музокараларнинг асосий мавзуси — Эрон-Америка можаросини ҳал қилиш, ўт очишни тўхтатиш ва минтақавий хавфсизлик масалалари бўлади. Теҳрон Москвани ушбу мураккаб дипломатик ўйинда муҳим шерик ва воситачи сифатида кўрмоқда.

Шу билан бирга, Вашингтонда 27 апрель куни Трамп иштирокида миллий хавфсизлик бўйича йирик йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган. Унда Эроннинг сўнгги таклифи ва кейинги қадамлар муҳокама қилинади.

Ҳозирча Трамп маъмурияти «максимал босим» сиёсатидан воз кечмоқчи эмас. Дунё ҳамжамияти эса Ҳўрмуз бўғозининг тақдири ва глобал нефт бозоридаги барқарорлик ушбу сиёсий баҳснинг натижасига қандай боғлиқ бўлишини диққат билан кузатмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Эрон Ҳўрмуз бўғозини очиш ва урушни тўхтатишни таклиф қилди — «Axios» | Vaqt.uz