Эрон: «Ҳужумлар тугамагунча нефт блокадаси давом этади»

10.03.2026 | 15:452 дақиқа

АҚШ ва Исроил зарбалари давом этса, Эрон Яқин Шарқдан нефт экспортини тўлиқ тўхтатишини айтди, Трамп эса бунга жавобан ҳужумларни кучайтириш билан таҳдид қилди.

Эрон: «Ҳужумлар тугамагунча нефт блокадаси давом этади»

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ЭИМК) АҚШ ва Исроил ҳужумлари давом этса, Яқин Шарқдан «бир литр ҳам нефт чиқарилмаслиги»ни маълум қилди. Бунга жавобан АҚШ президенти Доналд Трамп агар Эрон Ҳўрмуз бўғозида нефт ташишини тўсса, Вашингтон анча кучли зарбалар беришидан огоҳлантирди, дея хабар берди Reuters.

Нефт экспорти орқали босим

Эрон ҳарбийлари баёнотига кўра, минтақадаги нефт экспортига тўсқинлик қилиш урушга жавоб чораси сифатида кўрилмоқда. ЭИМК вакиллари «уруш қачон тугашини биз белгилаймиз» дея таъкидлаб, Трампнинг баёнотларини «асоссиз гаплар» деб атади.

Трамп эса агар Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали нефт ташишини тўхтатса, АҚШ жуда қаттиқ жавоб қайтаришини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат юз берса, Эрон «ҳозиргача берилган зарбалардан йигирма баробар кучлироқ» ҳужумга дуч келади. Маълумот учун, Ҳўрмуз бўғози дунё нефтининг тахминан бешдан бир қисми ташиладиган стратегик йўлак ҳисобланади.

Уруш мақсадлари ва сиёсий баёнотлар

Трамп АҚШ ва Исроил феврал охирида бошланган ҳужумлар орқали Эрон армиясига катта зарар етказганини айтди. Унинг фикрича, можаро аввал режалаштирилган тўрт ҳафталик муддатдан ҳам олдин тугаши мумкин.

Исроил расмийлари урушдан асосий мақсад Эрондаги диний ҳокимият тизимини ағдариш эканини, АҚШ расмийлари эса Эроннинг ракета имкониятлари ва ядровий дастурини йўқ қилиш эканини айтганди.

Бироқ энди Трамп уруш фақат Вашингтонга мос ҳукумат шаклланганда тугаши мумкинлигини маълум қилди.

Қурбонлар ва музокаралар масаласи

Эроннинг БМТдаги элчиси маълумотига кўра, АҚШ ва Исроил зарбалари бошланганидан бери мамлакатда камида 1332 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, минглаб одамлар жароҳат олган.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса АҚШ билан музокараларни қайта бошлаш эҳтимоли жуда пастлигини билдирди. Унинг айтишича, аввалги уч раунд музокаралардан кейин Вашингтон ҳужум бошлагани Теҳрон учун «аччиқ тажриба» бўлган.

Нефт бозоридаги кескин тебранишлар

Уруш туфайли Ҳўрмуз бўғози амалда ёпилиб, танкерлар бир ҳафтадан ортиқ ҳаракатлана олмаяпти. Бу ҳолат нефт бозорида кескин тебранишларга сабаб бўлди.

Душанба куни Brent нефти нархи 29 фоизгача ошганди. Трамп можаро тез орада тугаши мумкинлигини айтгач, жаҳон акция бозорларида ҳам қисман тикланди. Сешанба куни фьючерслар 10 фоиздан ортиқ арзонлагани кузатилди.

Шу билан бирга, АҚШ Россия нефтига нисбатан айрим санкцияларни юмшатиши мумкинлиги ҳақида хабарлар ҳам бозорларга таъсир кўрсатди.

Теглар

Мавзуга оид