Эрон ҳужумлари Форс кўрфазида: БАА, Баҳрайн ва Кувайтда ёнғинлар
Эрон ҳужумлари ортидан нефть заводлари ва энергетика объектларида ёнғинлар юзага келди. Форс кўрфазидаги кескинлик ортиб бормоқда.

Эрон ҳужуми натижасида Бирлашган Араб Амирликларидаги нефт-кимё корхонасида ёнғин келиб чиқди. Бу ҳақда Абу Даби ҳукумати матбуот хизмати бугун, 5-апрел куни хабар қилди. Гап «Borouge» компанияси заводи ҳақида бормоқда.
Абу Даби маълумотига кўра, бир нечта ёнғинларга ҳаво ҳужумлари қайтарилганидан кейин ерга тушган парчалар сабаб бўлган. Корхона фаолияти вақтинча тўхтатилган, мутахассислар зарарни баҳоламоқда. Жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.
Ҳодисадан бир оз олдин БАА Мудофаа вазирлиги бир нечта Эрон ракеталари ва дронлари ушлаб қолинганини билдирган эди. БАА Форс кўрфази давлатлари орасида энг кўп Эрон ҳужумларига учрайдиган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Бу ҳужумлар АҚШ ва Исроил зарбаларига жавоб сифатида амалга оширилмоқда.
Баҳрайн: нефт инфратузилмасида ёнғинлар
Шу билан бирга, Баҳрайн миллий нефт-газ компанияси «Bapco Energies» Эрон ҳужуми ортидан ўз резервуарларидан бирида ёнғин чиққанини маълум қилди. Ёнғин бартараф этилган, ҳозир зарар баҳоланмоқда, деб таъкидлади Манама. Жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.
Шунингдек, «Gulf Petrochemical Industries» ҳам ўз объектларига Эрон дронлари ҳужум қилганини билдирди. Уларнинг маълумотига кўра, ишлаб чиқариш объектларида ёнғинлар чиққан, аммо улар ўчирилган. Жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган.
Кувайт: электр станциялари ва тузсизлантириш иншоотлари шикастланган
Кувайт ҳукумати ҳам Эронни инфратузилма объектларига ҳужум қилганликда айблади. Эрон дронлари ҳужуми натижасида иккита электр станцияси ва тузсизлантириш иншоотлари жиддий шикастлангани ҳақида Кувайт электр энергияси ва сув вазирлиги маълум қилди.
KUNA маълумотига кўра, яна бир дрон молия вазирлиги биносига урилган ва катта моддий зарар етказган. Бу ҳолатда ҳам жабрланганлар ҳақида хабар берилмаган.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши
АҚШ ва Исроил 28-февралдан буён Эронга ҳаво зарбалари бермоқда. Бу ҳужумлар натижасида Эрон олий раҳбари Али Хоманаий ва бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ҳамда куч тизимлари вакиллари ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Ислом Республикаси жавоб тариқасида Форс кўрфази минтақасидаги қўшни давлатларга ракета ва дронлар билан ҳужум қилмоқда. Теҳрон баёнотларига кўра, бу ҳужумларнинг асосий нишони минтақадаги Америка ҳарбий базалари ҳисобланади.
Эрон зарбалари натижасида Форс кўрфазидаги айрим мамлакатларда нефт омборлари ва нефт танкерлари ҳам шикастланган. Шунингдек, Озарбойжон ва Кипр ҳам ҳужумлардан жабр кўрган.
Доналд Трамп кеча, 4-апрел куни Ислом Республикасига қўйилган ултиматумни яна бир бор эслатди. Унинг сўзларига кўра, Теҳрон 6-апрелгача Вашингтон билан «келишувга эришиши» ёки Ҳўрмуз бўғози блокадасини бекор қилиши керак. Акс ҳолда, Эронга «бутунлай ҳалокат» келиши мумкинлигини айтди.
Эрон ҳукумати ушбу ултиматумни рад этди.





