Эрон нега араб давлатларига зарба бермоқда?
28 феврал тонгида АҚШ ва Исроил томонидан Эронга қарши бошланган ҳарбий ҳаракатлар Яқин Шарқ минтақавий хавфсизлик тизимида жиддий ўзгаришлар бошланаётганини кўрсатмоқда. Қизиғи, жавоб зарбаларида Эрон тўғридан тўғри АҚШ ёки Исроил ҳудудини эмас, балки араб давлатлари ҳудудида жойлашган ҳарбий инфратузилмани нишонга олмоқда. Бу эса можаро географиясини кенгайтирди, стратегик характери кучайтирди.
Шунингдек, бу билан минтақада АҚШ ҳарбий базалари жойлашган давлатлар амалда можаронинг билвосита иштирокчисига айланди. Шу нуқтайи назардан, ҳозирги зарбалар ҳисобланган ҳарбий-сиёсий стратегия сифатида баҳоланмоқда. Хўш, Эрон нега бундай ёндашувни танлади, у қўшниларга ҳужум орқали нимани режа қилган? Қуйида шу жараённинг сабаблари ва геосиёсий мантиғини таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.
1. Стратегик мантиқ: марказга эмас, таянч нуқтага
Ҳар қандай глобал куч ўз ҳудудидан эмас, балки ташқи ҳарбий инфратузилма орқали таъсир кўрсатади. АҚШнинг Яқин Шарқдаги куч проекцияси айнан базалар орқали амалга оширилади.
Шу сабабли Эрон бошланган урушда қуйидаги формулани қўлламоқда: агар марказга етиб бўлмаса, марказнинг қўлларини заифлаштир.
Бу кучлар тенг бўлмаган шароитидаги тийиб туриш стратегияси ҳисобланади. Мақсад — урушда АҚШ иштирокининг нархини имкон қадар ошириш.
2. Қатар: қарор қабул қилиш инфратузилмаси
Қатарда жойлашган Ал-Удайд базаси оддий аэродром эмас. У АҚШ Марказий қўмондонлигининг минтақавий бошқарув марказларидан бири ҳисобланади.
Бу база:
ҳаво операцияларини мувофиқлаштиради,
разведка маълумотларини қайта ишлайди,
зарба буйруқларини узатади.
Бу баъзани АҚШнинг урушдаги “мияси” дея аташ ҳам мумкин. Демак, Эроннинг бу мамлакатга қаратилган зарбалари ҳам ўйланган ва тизимли ҳужумлар ҳисобланади.
3. Баҳрайн: нефт йўллари назорати
Баҳрайнда АҚШнинг бешинчи флоти жойлашган. Унинг вазифаси Ҳўрмуз бўғози орқали ўтадиган нефт йўналишини ҳимоя қилиш ҳисобланади.
Бу ерда икки ўлчам бор:
1. Ҳарбий — денгиз назорати
2. Иқтисодий — глобал нефт бозори барқарорлиги
Эрон ўз зарбалари орқали эса сигнал бермоқда: агар мамлакат хавфсизлигига босим кучайиб бораверса, у глобал энергия хавфсизлигига таъсир ўтказиш, нархларни истаганча ўйнатиб юбориш имконига эга.
Бу тўғридан тўғри эскалация эмас, балки эскалация потенциалини намойиш қилиш.
4. Бирлашган Араб Амирликлари: кўп векторли сиёсатнинг чекланиши
Бирлашган Араб Амирликлари узоқ вақт “кўп векторли” сиёсат юритиб келди. Амирликлар бир вақтнинг ўзида:
АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлик,
Хитой билан иқтисодий шериклик,
минтақавий дипломатик мулоқот юритади.
Аммо ҳозирги уруш шароитида бундай сиёсат имконияти қисқарди. Чунки мамлакатингда урушаётган томоннинг ҳарбий инфратузилмаси жойлашаркан, энди нейтраллик ҳам имконсиз бўлиб қолади.
Бу хавфсизлик дилеммасининг классик кўриниши: иттифоқ орқали хавфсизлик излаш — бошқа томон учун таҳдидга айланади.
5. Иброҳим келишувлари ва янги блоклашув
2020 йилда Исроил билан айрим араб давлатлари ўртасида Иброҳим келишуви номли шартнома имзоланади. Бу БАА, Баҳрайн, Судан, Марокаш каби давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатилишини назарда тутган ва муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган келишув эди.
Аммо геосиёсий жиҳатдан эса бу келишувлар амалда Яқин Шарқда янги блоклашув жараёнини бошлаб берарди ва жараён Эрон учун стратегик таҳдид, ўраб олиш сифатида қабул қилинди.
Шу нуқтадан бошлаб можаро икки давлат ўртасида эмас, блоклар ўртасидаги рақобатга айланди.
6. Эроннинг мақсади аниқ
Шундай қилиб Эроннинг қўшни давлатлар ҳудудига зарба беришдан тўртта асосий ҳисоб-китоби бор:
1. АҚШнинг операция харажатлари ошириш
2. Араб монархияларини АҚШ билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш, ҳарбий баъзалар борасида иккиланиш пайдо қилиш
3. Исроил билан алоқалар ривожида муаммолар пайдо қилиш ёки бу алоқалар нарҳини ошириш
4. Тўғридан тўғри глобал урушга кирмасдан босим ўтказиш ва бу “чегараланган эскалация” модели ҳисобланади.
7. Форс кўрфази давлатлари олдидаги стратегик танлов
Ҳозирги вазиятда можаронинг марказида фақат Эрон тургани йўқ. Бундай тушуниш хато бўлади. Бу ерда катта геосиёсий босим Форс кўрфази давлатларига ҳам тушмоқда. Чунки уларнинг ҳудудида жойлашган АҚШ ҳарбий инфратузилмаси амалда урушнинг билвосита фронтига айланпти.
Бу давлатлар эса йиллар давомида хавфсизликни ташқи кафолат — яъни АҚШ ҳарбий ҳимояси орқали таъминлаб келди. Бироқ ҳозирги шароитда айнан шу инфратузилма уларни эҳтимолий жавоб зарбалари учун легитим нишонга айлантирмоқда. Демак, хавфсизликни кучайтириш учун қилинган қарор бошқа томондан хавфни ошириши мумкин — бу хавфсизлик дилеммасининг классик кўриниши.
Шу нуқтада савол туғилади: Форс кўрфази давлатлари бундан кейин ҳам ташқи ҳарбий соябонга тўлиқ суянишда давом этадими ёки минтақада кучлар мувозанатини сақлашга қаратилган мустақилроқ сиёсатга ўтадими? Чунки ҳарбий база фақат ҳимоя воситаси эмас, у можаро ҳолатида мамлакатни автоматик равишда нишонга ҳам айлантиради.
Айнан шу танлов келгуси йилларда минтақанинг хавфсизлик архитектурасини белгилаб бериши мумкин.
Хулоса
Шундай қилиб, ҳозирги можаро географиядан кўра кўпроқ инфратузилма устида кечмоқда. Шунинг учун Эрон ҳужумлари фақат араб давлатларига эмас, балки уларда жойлашган ҳарбий ва стратегик объектларга ҳам қаратилган. Бу эса минтақадаги анъанавий хавфсизлик тушунчасини ўзгартирмоқда: кимнинг ҳудудида стратегик кучлар жойлашса, шу ҳудуд можаро майдонига айланади.
Шу нуқтайи назардан қараганда, уруш нафақат ҳарбий, балки иқтисодий ва энергетик таъсирларга ҳам эга бўлади. Форс кўрфази давлатлари ва минтақадаги энергетика ҳамда транспорт инфратузилмасига бўлган зарбалар нефт ва газ нархларига турли даражада таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, глобал молиявий ва товар бозорлари ҳам бу стратегик ҳаракатлардан мустақил қолмайди.
Яъни, ҳозирги можаро нафақат ҳарбий нуқтаи назардан, балки минтақавий қудрат мувозанати, энергетика хавфсизлиги ва глобал иқтисодий оқимларни қайта шакллантириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим ҳисобланади.
Теглар






