Эрон радиосида сирли сигнал: разведкалар «рақамли станциялар»ни яна ишга туширди

Бугун 10:003 дақиқа

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши дастлабки зарбаларидан бир неча соат ўтиб, Теҳрон давлат радиоси эфирини сирли сигнал узиб қўйди.

Эрон радиосида сирли сигнал: разведкалар «рақамли станциялар»ни яна ишга туширди

28-феврал куни АҚШ ва Исроилнинг ракеталари Эрон ҳудудидаги нишонларга дастлабки зарбаларни берганидан бир неча соат ўтиб, Теҳрон давлат радиоси хавфсизлик бўйича экспертлар ўтган асрнинг сарқити деб ҳисоблайдиган ғайритабиий ҳолатга дуч келди. Эшиттириш эркак кишининг овози билан узилди. У форс тилида уч марта «Диққат!» деб хитоб қилгач, бир маромда рақамлар қаторини ўқий бошлади: «олти... тўрт... нол... тўққиз... уч... тўққиз».

«Financial Times» нашрига кўра, катта эҳтимол билан Ғарбий Европада жойлашган кучли қисқа тўлқинли узатгичлар орқали берилган бу сигналлар жосусликнинг энг сирли усулларидан бири — «рақамли станциялар» яна ишга тушганини англатади. Бу эса Вашингтон, Тел-Авив ва Теҳрон ўртасидаги очиқ ҳарбий тўқнашувлар ортида кенг кўламли яширин разведка уруши ҳам кечаётганини кўрсатади.

1

«Рақамли станциялар» — Совуқ уруш давридан қолган, бир томонлама шифрланган алоқа усули. Унинг ишлаш тамойили жуда оддий ва ҳануз ўзгармаган: дала шароитидаги жосус оддий радиоприёмникни керакли частотага тўғрилайди, рақамларни ёзиб олади ва махсус бир марталик кодлар китобчаси ёрдамида уларни ўқийди.

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг (МРБ) собиқ юқори мартабали ходими Жон Сифернинг таъкидлашича, Эронда бу усулнинг қайта тикланиши разведка операциялари энг юқори шайлик ҳолатига ўтганидан далолат беради.

 «Кенг кўламли уруш шароитида разведка хизматлари манбалар билан алоқа узилишига йўл қўя олмайди. Рақамли станциялар — бу коммуникациянинг «сўнгги маррасидир», — дея таъкидлайди Сифер.

Тизимнинг асосий афзаллиги унинг мутлақ анонимлигидадир. Сунъий йўлдош алоқаси ёки мессенжерлардан фарқли ўлароқ, радиосигнал рақамли из қолдирмайди. Эфирни қабул қилувчи қурилмаси бор ҳар қандай одам эшитиши мумкин, аммо айнан шу лаҳзада ким уни тинглаётгани ва кодни ёзиб олаётганини аниқлашнинг техник жиҳатдан иложи йўқ.

Эроннинг радиоэлектрон кураш хизматлари бу сигналларга қаршилик қилишга уриниб кўрди. Сирли овоз пайдо бўлганидан бир неча кун ўтгач, улар кўрсатилган частотани турли хил электрон шовқинлар билан тўсиб қўя бошлади. Аммо, сирли узатгич бунга тезда мослашди: у дарҳол бошқа частотага ўтиб, трансляцияни давом эттирди.

Эрон ҳукумати интернет ва ташқи алоқаларни кескин чеклагани сабабли, махсус хизматлар яна эски, аналог коммуникация усулларига қайтишга мажбур бўлмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар оқибатида алоқа тармоқларида юзага келган узилишлар ва тўсиқлар шароитида анъанавий радиоалоқанинг ўрни тобора муҳимлашмоқда.

2

Радиоэфирдаги бундай фаоллик 2001 йилда АҚШ Афғонистонга бостириб кирган пайтда ҳам кузатилган эди. Ўшанда трансляциялар ортида Россия разведкаси тургани тахмин қилинган. Эрондаги бугунги вазиятда эса, экспертларнинг фикрича, Ғарб махсус хизматлари уруш тартибсизликларига қарамай, мамлакат ичкарисидаги назоратни сақлаб қолишга уринмоқда.

СССР парчаланганидан сўнг дунёда рақамли станцияларнинг фаоллиги пасайган бўлса-да, улар ҳеч қачон бутунлай йўқолиб кетмаган. Разведка маълумотларига кўра, Россия, Полша, Тайван ва КХДР каби давлатлар бу инфратузилмани ҳануз сақлаб келади. Эрондаги ҳозирги вазият киберурушлар даврида махфий буйруқларни узатишнинг энг хавфсиз усули ҳамон оддий радиотўлқинлар эканини исботлади.

Теглар

Мавзуга оид