
Эрон уранни бойитиш ва ракета дастурини тўхтатмаслигини маълум қилди
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий халқаро босимларга қарамасдан мамлакат ракета дастурини ҳам, уранни бойитиш жараёнини ҳам тўхтатмаслигини билдирди.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий Mehr агентлигига берган интервюсида мамлакат ракета дастури ва ядровий фаолияти бўйича позициясини аниқ билдирди. Унинг таъкидлашича, Теҳрон халқаро босимларга қарамай, уранни бойитишни давом эттиради ва ракета салоҳиятини чекламайди.
«Биз ракета дастуримиз бўйича музокара юритмаймиз. Бирон ақлли инсон уни йўқ қилишга рози бўлмайди. Уранни бойитишни тўхтата олмаймиз. Ҳарбий йўл билан эришиб бўлмаган нарса сиёсий босим орқали ҳам амалга ошмайди», — деди Ароқчий.
Шу билан бирга, у Вашингтон билан ядровий дастур бўйича хавотирларни бартараф этиш юзасидан музокаралар ўтказиш эҳтимолини инкор этмади.
«Биз бевосита эмас, балки билвосита мулоқот орқали келишувга эришишимиз мумкин», — деди вазир.
Унинг берган маълумотига кўра, Исроил ва АҚШ ҳаво ҳужумларидан сўнг айрим ядровий объектлардаги материаллар «бомбардимон қилинган бинолар остида қолган ва бошқа жойга кўчирилмаган».
Эслатиб ўтамиз, 13–24 июн кунлари Эрон ва Исроил ўртасида 12 кунлик уруш бўлиб ўтган, Исроил авиацияси Теҳроннинг асосий ядровий иншоотларига зарба берган эди. 22 июнда АҚШ ҳам операцияга қўшилиб, Фўрду, Натанз ва Исфаҳон ядровий марказларига ҳужум қилган. Вашингтон маълумотларига кўра, бу зарбалар Эроннинг ядровий дастурига жиддий зарар етказган.
Шундан сўнг Эрон сиёсий кенгаши вакили Саййид Муҳаммад Садр Россияни Исроилга Эроннинг ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими ҳақида маълумот берганликда айблаб, Москва билан иттифоқни «фойдасиз» деб атаган эди.
Маълумот учун, БМТ Хавфсизлик кенгаши 2006 йилда Эронга қарши илк санкцияларни жорий этган.
2015 йилда эса Эрон ядровий қурол яратишдан воз кечиб, Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) инспекторларини қабул қилишга рози бўлган, эвазига чекловлар бекор қилинган эди. Бироқ 2025 йил август ойида Британия, Германия ва Франция Эроннинг келишувни бузганини таъкидлаб, санкцияларни қайта жорий этди.
12 октябр куни Аракчий Теҳрон АЭХА билан ҳамкорликни тўхтатганини маълум қилди. Унинг сўзича, Эрон адолатли шартлар таклиф этилса ва агентликнинг роли аниқ белгиланса, келишувга қайтишга тайёр.





