Эрон урушининг 12-куни: Теҳрон бомбардимони ва «қора ёмғир» хавфи

Бугун 07:557 дақиқа

Эрон томонининг маълум қилишича, тўқнашувлар оқибатида 1300 дан ортиқ тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, Исроил ва АҚШ томонидан қарийб 10 мингта фуқаролик объекти нишонга олинган.

Эрон урушининг 12-куни: Теҳрон бомбардимони ва «қора ёмғир» хавфи

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши 12-кунига қадам қўйди. Теҳроннинг билдиришича, мамлакат бўйлаб 10 мингга яқин фуқаролик иншоотлари бомбардимон қилинган, тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони эса 1300 нафардан ошган.

10-мартдан 11-мартга ўтар кечаси Теҳроннинг Меҳробод аэропорти ва бошқа стратегик нуқталар зарбалар остида қолди. Ўз навбатида, Эрон ҳам Исроилга ва АҚШнинг Форс кўрфазидаги объектларига жавоб ҳужумларини давом эттирмоқда. Бу ҳолат дунё бозорида энергия ресурслари нархининг кескин кўтарилишига сабаб бўлди.

Шу билан бирга, Вашингтонда маъмуриятга нисбатан сиёсий босим ортмоқда. Қонун чиқарувчилар урушдан кўзланган мақсадлар бўйича очиқ эшитувлар ўтказишни талаб қилишмоқда. Америкалик ҳарбийлар орасидаги йўқотишлар ортиши ва аҳоли пунктларига берилган зарбалар бўйича суриштирувлар бошлангани сабабли, Оқ уйнинг танлаган стратегияси кескин танқидларга учрамоқда.

Ҳозирга келиб қуйидагилар маълум:

Эрондаги вазият

  • Тинч аҳоли орасидаги йўқотишлар: Теҳрон томонининг маълумотларига кўра, 28-феврал куни уруш бошланганидан бери АҚШ ва Исроил кучлари 10 мингга яқин фуқаролик объектларини бомбардимон қилган, оқибатда 1300 дан ортиқ бегуноҳ инсон ҳаётдан кўз юмган.

  • Фуқаролик инфратузилмасига қасддан қилинган ҳужум: Эроннинг БМТдаги элчиси Амир Саид Иравоний АҚШ ва Исроилни аҳоли яшаш жойлари ва тиббиёт муассасалари каби фуқаролик инфратузилмаларига қасддан зарба беришда айблади.

  • Ҳаво ҳужумлари ва денгиздаги ҳаракатлар: Исроилнинг «улкан ҳужум тўлқини»дан сўнг Теҳрон марказидаги турар жой мавзеларида кучли портлашлар юз бергани хабар қилинмоқда. Қизил ярим ой жамиятининг билдиришича, кўп қаватли уйлардан бири вайрон бўлган ва қутқарув гуруҳлари харобалар остидан одамларни қидиришмоқда.

  • Эроннинг жавоб зарбалари: Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) ҳужумларнинг 37-тўлқинини бошлади. Уч соатдан ортиқ давом этган кўп босқичли ҳужумларда «Хуррамшаҳр» русумли ўта оғир ракеталардан фойдаланилган. Зарбалар Тел-Авив, Хайфа ва Ғарбий Қуддус шаҳарларига, шунингдек, АҚШнинг Ироқдаги (Арбил) ва Баҳрайндаги (Манама) базаларига қаратилган.

  • АҚШнинг давом этаётган ҳужумлари: АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет сешанба куни амалиётларнинг «энг шиддатли куни» бўлишидан огоҳлантирган эди. Пойтахт Теҳроннинг камида саккизта туманига ҳужум қилинди, шаҳарда кучли портлаш овозлари янгради. Мамлакатнинг бошқа шаҳарлари ҳам зарбалар остида қолмоқда. Эрон қуролли кучлари матбуот котиби Абулфазл Шекарчининг таъкидлашича, Теҳрон турар жой мавзеларига қилинган ҳужумларга албатта жавоб қайтаради.

  • Ички тартиб ва хавфсизлик: Эрон полицияси раҳбари Аҳмад Ризо Радан мамлакат душманларини қўллаб-қувватлаётган шахслар энди намойишчи эмас, балки «сотқин ва душман» сифатида кўрилишини ва уларга нисбатан шунга яраша чора кўрилишини билдирди.

  • Заҳарли «қора ёмғир»: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Эрондаги ёқилғи омборларига берилган зарбалардан сўнг «қора ёмғир» деб аталувчи ифлосланган ёғингарчиликлар соғлиқ учун хавф туғдириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Нефт объектларидаги ёнғинлардан чиқаётган қуюқ тутун ёмғир булутлари билан аралашиб, таркибида заҳарли моддалар бўлган зарарли ёғингарчиликни ҳосил қилмоқда.

1

Форс кўрфази мамлакатларидаги вазият

·         Саудия Арабистони: Қироллик мудофаа кучлари Эрон томонидан учирилган дронлар ва баллистик ракеталар тўлқинини, жумладан, мамлакатнинг шарқий ҳудудлари ва «Prince Sultan» авиабазасига қаратилган снарядларни тутиб қолганини маълум қилди.

·         Қатар: 11-март куни эрталаб Қатар Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳарбийлари янги ракета ҳужумини қайтарганини билдирди. Доҳада хавф даражаси «юқори» экани эълон қилиниб, аҳолидан «уйдан чиқмасликни» сўралди.

·         Бирлашган Араб Амирликлари: БАА ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Эроннинг навбатдаги ракета ва дронлар тўлқинига жавоб қайтараётганини маълум қилди. 10-март куни 26 та дрон тутиб қолинган бўлса-да, тўққизта дрон мамлакат ҳудудига тушган.

·         Баҳрайн: «Reuters» агентлиги 11-март куни фавқулодда сиреналар янграганидан сўнг Баҳрайнда тўртта кучли портлаш овози эшитилганини хабар қилди.

·         АҚШ билан мудофаа мувофиқлиги: АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фарҳон Ол Сауд билан Эрон ҳужумларига қарши қироллик мудофаасини кучайтириш масаласини муҳокама қилди.

·         Дипломатик муносабат: Қатар Ташқи ишлар бўйича давлат вазири Муҳаммад бин Абдулазиз ал-Хулайфий Яқин Шарқда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди ва Эрон ҳамда АҚШни музокаралар столига қайтишга ундади. У «Al Jazeera»га берган интервюсида Эроннинг қўшниларига ҳужуми «ҳеч кимга фойда келтирмаслигини» таъкидлади.

·         Йирик завод ёпилди: Дунёдаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири — БААдаги «Ruwais» мажмуаси дронлар ҳужумидан сўнг «эҳтиёт чораси» сифатида 10-март куни ўз фаолиятини тўхтатди.

·         Қувайтдаги АҚШ базаси нишонга олинди: Эроннинг «Fars» ва «Mehr» ахборот агентликлари хабарига кўра, Инқилоб муҳофизлари Қувайтдаги АҚШ базасига камида иккита ракета отган. Қувайт расмийлари ҳозирча бу маълумотга изоҳ бермади.

·         Иқтисодий таҳдидлар: Эрон кучлари Эрон банкига қилинган ҳужумни сабаб қилиб, минтақадаги АҚШ ва Исроил тузилмаларига алоқадор «иқтисодий марказлар ва банклар»ни нишонга олиш билан таҳдид қилмоқда.

АҚШдаги вазият

·         Конгресснинг эътирози: Маъмуриятнинг низо мақсадлари ва давомийлиги юзасидан аниқлик киритмаган ёпиқ брифингларидан сўнг, АҚШ Сенатидаги демократлар уруш бўйича ошкора эшитувлар ўтказишни талаб қилмоқда.

·         АҚШ ҳарбийлари орасидаги йўқотишлар: Пентагон «Эпик ғазаб» амалиёти бошланганидан бери тахминан 140 нафар америкалик ҳарбий хизматчи жароҳатланганини ва етти нафари ҳалок бўлганини тасдиқлади.

·         Мактабга берилган ҳалокатли зарба бўйича тергов: Оқ уй матбуот котиби Каролайн Ливитт АҚШ кучлари Эрондаги ракета ва ядровий дастурларга қаратилган 5000 дан зиёд нуқтага зарба берганини маълум қилди. Шу билан бирга, у 175 нафар ўқувчи қизнинг ўлимига сабаб бўлган мактабга берилган зарба юзасидан олиб борилаётган ҳарбий суриштирувга ҳам тўхталиб ўтди. Фотодалиллар ушбу фожиа учун АҚШ масъул эканини тасдиқлаётган бир пайтда, Ливитт маъмурият тергов натижаларини тан олишини билдирди.

·         Ҳўрмуз бўғозида мина қўювчи кемалар йўқ қилинди: АҚШ Марказий қўмондонлиги Ҳўрмуз бўғози яқинида Эроннинг 16 та фаол бўлмаган мина қўювчи кемаси йўқ қилингани ҳақида хабар берди.

·         Эвакуация: Яқин Шарқдан 43 000 дан ортиқ АҚШ фуқароси тижорий ва Давлат департаменти томонидан жалб қилинган махсус рейслар орқали эвакуация қилинди.

Исроилдаги вазият

·         Эроннинг жавоб ҳужумлари: Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Эрон томонидан Исроилга қарата отилган барча ракеталар тутиб қолинган. Тел-Авив ва мамлакатнинг марказий ҳудудларида ҳаво хавфи сиреналари янграган.

·         АҚШ Исроилни нефт инфратузилмасига зарба бермасликдан огоҳлантирди: АҚШда жойлашган «Axios» нашрининг хабарига кўра, Вашингтон Исроилнинг Эрон энергия объектларига берган зарбаларидан «норози» эканини билдирган. Оқ уй бу каби ҳужумларни Вашингтоннинг розилигини олмасдан туриб амалга оширмасликни ва тўхтатишни сўраган.

·         Бузиб кирилган камералар: Исроилнинг киберхавфсизлик бошқармаси уруш бошланганидан бери жосуслик мақсадида хавфсизлик камераларига Эрон томонидан ўнлаб бузиб кириш ҳолатлари аниқланганини маълум қилди ва аҳолини пароллар ҳамда дастурий таъминотни янгилашга чақирди.

·         Дипломатик мувофиқлаштириш: АҚШнинг махсус вакили Стив Виткофф давом этаётган ҳарбий кампанияни мувофиқлаштириш учун келаси ҳафта Исроилга бориши мумкинлигини айтди.

Ливан ва Ироқ

·         Ливанда Исроил ҳужумларининг кучайиши: Исроил кучлари Байрут марказидаги турар жой биносини бомбардимон қилди, оқибатда ёнғин чиқиб, бир неча қаватларга жиддий зарар етди. Ливан расмийларининг маълумотига кўра, ўтган душанбадан бери камида 570 киши ҳалок бўлган. Фақат 11-март кунининг ўзида Исроилнинг ҳаво зарбалари оқибатида Ливан бўйлаб камида 19 киши қурбон бўлган.

·         Эронлик дипломатларнинг ўлдирилиши: Байрутда Исроил томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужуми оқибатида тўрт нафар эронлик дипломатнинг ҳалок бўлиши Теҳроннинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Эрон БМТ Хавфсизлик Кенгашидан адолат талаб қилмоқда. Расмий Теҳрон ушбу ҳодисани «террорчилик ҳужуми» деб атади.

·         Ливандаги оммавий кўчишлар: БМТ маълумотларига кўра, Исроил билан низо туфайли 667 000 дан ортиқ киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган.

·         Ироққа берилган ҳаво зарбалари: 10-март куни бир нечта нуқталарга, хусусан, «Халқ сафарбарлик кучлари»га алоқадор гуруҳларга берилган зарбалардан сўнг, Ироқ бош вазири АҚШ давлат котиби Марко Рубиога мамлакат ҳудуди ҳужумлар учун «майдон» бўлмаслиги кераклигини таъкидлади. Шу билан бирга, Америка базалари жойлашган Ироқ Курдистони минтақаси ҳам Эрон томонидан ҳужумларга учради.

Теглар

Мавзуга оид

Эрон урушининг 12-куни: Теҳрон бомбардимони ва «қора ёмғир» хавфи | Vaqt.uz