Эронда миллионлаб афғонистонликлар мамлакатдан чиқариб юборилмоқда

07.07.2025 | 09:004 дақиқа

Эрон ҳукумати миллионлаб афғонистонлик мигрантлар ва қочқинлардан мамлакатни тарк этишни талаб қилди. Белгиланган муддат — 7 июл. Ушбу талабга бўйсунмаганлар қўлга олиниши ва мажбурий депортация қилиниши мумкин.

Эронда миллионлаб афғонистонликлар мамлакатдан чиқариб юборилмоқда
Бу қарор мамлакатда Исроил билан 12 кунлик тўқнашувлар ва АҚШнинг Эрон ядровий объектларига ҳаво ҳужумларидан сўнг хавфсизлик чоралари кучайтирилган бир пайтда қабул қилинди. «Al Jazeera»нинг ёзишича, мамлакатда аксилмигрант кайфиятлар ва қаттиқ назорат ортиб бормоқда. 2023 йилдан бери Эрон «ноқонуний» хорижликларни чиқариш бўйича кампания олиб бормоқда. Жорий йил март ойида ҳукумат қонуний яшаш ҳуқуқисиз афғонистонликларга 6 июлга қадар ўз хоҳиши билан мамлакатни тарк этиш учун муддат берган эди. Халқаро миграция ташкилоти (IOM) маълумотларига кўра, шу кунгача 700 мингдан ортиқ афғонистонлик Эрондан чиқиб кетган, уларнинг 230 мингдан зиёди июн ойида ватанига юборилган. БМТ маълумотларига кўра, Исроил билан тўқнашувлар пайтида Эрон бир кунда 30 минггача афғонистонликни чиқариб юборган — бу эса олдинги 2 минг нафарлик кўрсаткичдан анча кўп. Айни пайтда Эронда тахминан 4 млн афғонистонлик яшайди, уларнинг кўпчилиги мамлакатда кўп йиллардан бери истиқомат қилиб келади. Ресторан эгаси Батул Акбарийнинг сўзларига кўра, афғонистонликлар ўз уйларидан маҳрум этилмоқда: «Биз шу ерда туғилганмиз. Афғонистон — ота-оналаримизнинг юрти, Эрон эса бизнинг уйимиз». БМТнинг Афғонистондаги вакили Арофат Жамолнинг айтишича, чегарада автобусларда заифлашган ва ҳеч нимага эга бўлмаган одамлар кўп. ОТМ талабаси Муҳаммад Насим Мазоҳирийнинг таъкидлашича, депортациялар оилаларни парчалаяпти. Эрон расмийлари репрессия айбловларини рад этади, бироқ маҳаллий ва халқаро кузатувчилар афғонистонликлар иқтисодий муаммоларда айбланаётганини қайд этади. Хусусан, Исроилнинг гўёки баъзи афғонистонликларни жосус сифатида ёллагани ҳақидаги миш-мишлар вазиятни янада кескинлаштирган.

Теглар

Мавзуга оид