
Эронда намойишчиларнинг оммавий қатли бошланиши мумкин
Эрон ҳукумати оммавий норозилик намойишларида қатнашган фуқароларни тезкор суд жараёнлари орқали қатл этиш эҳтимолини очиқ муҳокама қила бошлади.

Эрон суд-ҳуқуқ тизими раҳбари Ғуломҳуссайн Муҳсини-Эжаий давлат телеканалидаги чиқишида норозилик намойишларида иштирок этган шахсларга нисбатан тезкор ва соддалаштирилган суд амалиёти қўлланилиши мумкинлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ҳокимият «вақтни чўзмасдан ҳаракат қилиши шарт», чунки ойлаб кутилган жазо «керакли таъсирни бермайди». Бу баёнот Эронда жазо чораларининг кескинлашиши мумкинлигидан дарак беради.
Муҳсини-Эжаийнинг чиқиши АҚШ президенти Доналд Трампнинг аввалги намойишчиларни ўлдирмаслик тўғрисидаги огоҳлантиришлари фонида янгради. Трамп Эрон ҳукумати намойишчиларни ўлдиришни бошласа, Теҳрон «жуда қатъий чоралар»га дуч келишини айтган эди. Шу билан бирга, Вашингтон намойишчиларни очиқ қўллаб-қувватлаб, расмий Эрон билан режалаштирилган барча мулоқотларни бекор қилди.
Эрондаги норозилик ҳаракатлари 2025 йил декабр ойи охирида миллий валюта — риёл курсининг кескин қадрсизланиши ортидан бошланган. Илк босқичда иқтисодий талаблар билан чиққан намойишлар қисқа вақт ичида сиёсий шиорларга айланиб, оятуллоҳлар режими ва олий раҳбарият истеъфосини талаб қилишга ўтди. Норозиликлар мамлакат бўйлаб ўнлаб шаҳарларни қамраб олди.
Ҳокимият томонидан интернетнинг узилиши воқеалар ҳақида мустақил маълумот олишни қийинлаштирмоқда. АҚШда жойлашган Human Rights Activists News Agency маълумотларига кўра, намойишлар давомида камида 2571 киши ҳалок бўлган. Қурбонлар ва ҳибсга олинганлар сони бўйича расмий маълумотлар эълон қилинмаяпти.
Эрон ҳукумати намойишларни «террорчилик ҳаракатлари» ва «ташқи кучлар аралашуви» сифатида баҳоламоқда. АҚШ, Канада, Япония, Германия, Франция, Ҳиндистон, Янги Зеландия ва Ирландия ўз фуқароларини мамлакатни тарк этишга чақирди. Халқаро кузатувчилар эса вазият янада кескинлашиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.





