Эскроу таъсири: Ўзбекистонда автомобиллар савдоси камайди

Бугун 11:252 дақиқа

Апрел ойида мамлакат бўйича барча турдаги автомобиллар савдоси ўтган йилга нисбатан 1,9 фоизга камайди. Бу ҳолат янги жорий этилган эскроу тизимининг бозор фаоллигига таъсири билан изоҳланади.

Эскроу таъсири: Ўзбекистонда автомобиллар савдоси камайди © vaqt.uz

Ўзбекистонда апрел ойида барча турдаги автотранспорт воситалари савдоси 88,2 минг донани ташкил қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,9 фоизга камайган. Шу билан бирга, йил бошидан буён умумий савдо ҳажми 348,5 минг донага етди ва йиллик ўсиш 4,1 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.

Маълумотларга кўра, бозордаги энг юқори ўсиш Тошкент шаҳрида қайд этилган. Пойтахтда автомобиль савдоси 11,8 фоизга ошган. Шунингдек, Фарғона вилоятида ўсиш 11 фоиз, Самарқанд вилоятида эса 10,9 фоизни ташкил қилди.

Янги енгил автомобиллар савдоси тушди

Апрел ойида янги енгил автомобиллар савдоси 24,9 минг донани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 3,6 фоизга қисқарди.

Бироқ маҳаллий ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар сегменти ўсишни сақлаб қолди. Хусусан, маҳаллий енгил автомобиллар савдоси 21,3 минг донага яқинлашиб, йиллик ҳисобда 4 фоизга ўсди.

Шу билан бирга, янги хорижий автомобиллар савдоси кескин пасайди. Апрел ойида импорт автомобиллари савдоси 3,6 минг дона атрофида бўлиб, ўтган йилга нисбатан 32 фоиздан ортиққа камайган.

Электромобиллар етакчи сегментга айланмоқда

Электромобиллар бозори апрель ойида энг юқори ўсиш суръатларини намоён қилди. Ушбу сегментда савдолар 8,1 минг донани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан қарийб икки баробарга ошди.

Энг катта улуш Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда 5,56 мингдан зиёд электромобиль сотилган бўлиб, бу мамлакат бозорининг қарийб 70 фоизини ташкил қилди.

Ҳудудлар кесимида Тошкент ва Фарғона вилоятлари етакчи бўлди. Мазкур ҳудудларда мос равишда 573 та ва 464 та электромобиль сотилди. Шу билан бирга, Самарқанд вилоятида электромобиллар бозори фаоллиги ўтган йилга нисбатан 34 фоизга қисқарди.

Иккиламчи автомобил бозоридаги вазият

Апрел ойида фойдаланилган енгил автомобиллар савдоси 43, минг донани ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоиздан ортиққа камайди.
Бозордаги бу фаолликнинг пасайишига Ўзбекистонда 1 апрелдан жорий этилган эскроу тизими сабаб бўлган бўлиши мумкин. Янги тартибга кўра, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган автомобиллар олди-сотди битимлари банк орқали эскроу ҳисобварақдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, апрел ойида уйлар савдоси ҳам кескин тушиб кетганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид