Фанлар академияси 190 гектар ердан ихтиёрий воз кечди

Тошкентда Фанлар академиясига тегишли 190 гектар ер давлат захирасига ўтказилиб, пойтахт ҳокимлиги тасарруфига берилди.

Фанлар академияси 190 гектар ердан ихтиёрий воз кечди

Тошкент шаҳрида Фанлар академиясига қарашли ер майдони давлат балансига қайтарилди. Шаҳар ҳокимининг 10 апрелда имзоланган қарорига мувофиқ, мазкур ер ҳудуди расман пойтахт ҳокимлиги тасарруфига ўтказилди.

Ҳудуд бўш ер участкалари сифатида қайта ҳисобга олинган

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Фанлар академияси Мирзо Улуғбек туманида жойлашган «Улуғбек» маҳалласи, Улуғбек шаҳарчасидаги 190 гектар ер майдонидан ихтиёрий равишда воз кечган. Ушбу ҳудуд давлат захирасига топширилиб, бўш ер участкалари сифатида қайта ҳисобга олинган.

Қайд этилишича, мазкур қарор 2026 йил 25 мартда қабул қилинган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган. Ушбу фармон пойтахтда экологик вазиятни яхшилаш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришни назарда тутади.

Шу билан бирга, мазкур ҳудуднинг бир қисмида дендрология боғини ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида Ядро физикаси институти ва унга туташ ҳудудларда яшил майдонлар барпо этилади. Айрим ерлар эса кадрлар тайёрлаш ва инновацион марказлар ташкил этиш учун ажратилган ҳолда қолдирилади.

Миллий дендрология боғи

2026 йил 1 апрел куни Миллий дендрология боғини барпо этиш ишларига расман старт берилди. Лойиҳанинг дастлабки босқичида 5 гектар майдонда кўчат экиш ишлари бошланган.

Маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, илк манзарали дарахт кўчатларини экишда қатнашди. Бу ташаббус пойтахтда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Теглар

Мавзуга оид