
Фарғона нефт заводида ерга кўмилган ҳомила топилди
Автомобиллар учун ажратилган тўхташ майдонида дайди ит ерни ковлаган ва хомила ер юзига чиқиб қолган.

Кеча, 28 ноябр куни Фарғона шаҳрида жойлашган нефтни қайта ишлаш заводининг 12-сонли ишлаб чиқариш цехи ҳудудидан ўлик ҳомила топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Vaqt.uz’га маълум қилди.
Маълумотларга кўра, воқеа соат 10:25 да «Киргули» МФЙда жойлашган цехнинг автомобиллар учун ажратилган тўхташ майдонида содир бўлган. Дайди ит ерни ковлаган ва хомила ер юзига чиқиб қолган. Бу ҳолатни кўрган ходимлар дарҳол тегишли органларга мурожаат қилган.
Шаҳар прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи ҳодиса жойига етиб бориб, ҳомила топилган ерни ва ўлик ҳомилани кўздан кечирган. Шунингдек, ҳомила кўмилган жойдан қонга ўхшаш доғлар ашёвий далил сифатида олинган. Дастлабки суд-тиббий экспертизада хомиланинг она қорнида нобуд бўлгани, 3–4 ойлик экани ва ўғил бола жинсига мансублиги қайд этилган. Шу билан бирга, «хомила ичи инфекцияси» ва «ҳомила ичи гипокцияси» белгилари аниқланган.
Тергов органлари ҳомиланинг генетик материалларини олиш ва базадаги маълумотлар билан солиштириш учун суд-биологик экспертизани тайинлаган. Бу орқали унинг ота-онаси аниқланиши кутилмоқда. Айни пайтда ўлик ҳомиланинг онасини топиш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, «оборт» ёки сунъий тушириш амалиятидан сўнг тиббий ёрдамга мурожаат қилган аёллар бўйича маълумот тўплаш, завод ходимлари ўртасида зарур текширувлар ўтказиш мақсадида Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва шаҳар ИИБга алоҳида кўрсатмалар берилган. Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.





