Logo

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи давлат назоратига қайтарилди

Бугун 17:552 дақиқа

ФНҚИЗда хусусий инвесторлар улуши давлат реестридан чиқарилди. Ҳозирда корхонанинг ягона таъсисчиси сифатида Давлат активларини бошқариш агентлиги қайд этилган.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи давлат назоратига қайтарилди © Foto: Uz-assets.uz

Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНҚИЗ) яна тўлиқ давлат назоратига ўтди. Корхоналар ва ташкилотларнинг давлат реестри маълумотларига кўра, ҳозирда заводнинг ягона таъсисчиси сифатида Давлат активларини бошқариш агентлиги кўрсатилган.

Бундан бир ой олдин эса корхона таъсисчилари таркибида давлат ва хусусий инвестор биргаликда иштирок этаётганди. Хусусан, Давлат активларини бошқариш агентлиги 58,5 фоиз, «Sanoat Energetika Guruhi» (Saneg) компанияси эса 41,5 фоиз улушга эга эди.

rasm

Ҳозирча Saneg улуши таъсисчилар таркибидан қачон ва қандай асосда чиқарилгани бўйича расмий изоҳ берилмаган. Шунингдек, хусусийлаштириш битими шартларига ўзгартиш киритилгани ёки бекор қилингани ҳақида ҳам маълумот мавжуд эмас.

Хусусийлаштириш тарихи

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини хусусийлаштириш жараёни 2022 йилда бошланган эди. Ўшанда Давлат активларини бошқариш агентлиги корхонанинг 100 фоиз давлат улуши Saneg компаниясига 100 миллион долларга сотилганини маълум қилган. Унгача завод «Ўзбекнефтгаз» таркибида фаолият юритган.

Бироқ кейинчалик маълум бўлишича, инвестор томонидан харид суммаси тўлиқ тўланмаган. Шу сабабли давлат улуши босқичма-босқич, амалга оширилган тўловлар ҳажмига мутаносиб равишда ўтказилиши белгиланган.

2024 йилда Давлат активларини бошқариш агентлиги заводдаги 58,5 фоиз улуш давлат тасарруфида қолганини, Saneg эса 41,5 фоиз акцияларга эгалик қилаётганини маълум қилган эди.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи Марказий Осиёдаги энг йирик нефт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. Корхона юқори октанли бензин, авиа керосини, дизель ёнилғиси, саноат ва мотор мойлари, битум, парафин ҳамда бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

Теглар

Мавзуга оид

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи давлат назоратига қайтарилди | Vaqt.uz