Фарғона водийсида янги электропоезд йўлга қўйилди

Бугун 14:192 дақиқа

Қўқон, Наманган, Андижон ва Марғилонни боғловчи 6 вагондан иборат ва 586 ўринли янги электропоезд ишга туширилди.

Фарғона водийсида янги электропоезд йўлга қўйилди © Foto: president.uz

Фарғона водийсида йирик транспорт лойиҳаларидан бири — янги электропоезд қатнови йўлга қўйилди. У Қўқон, Наманган, Андижон ва Марғилон шаҳарларини бир-бирига боғлаб, ҳудуддаги ҳаракатланишни анча енгиллаштиради.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу йўналишдаги илк поездда жамоатчилик вакиллари билан бирга Қўқондан Марғилонга сафар қилди. Бу ташаббус 2025 йил 27 декабрда қабул қилинган темир йўл транспортини ривожлантиришга қаратилган қарор ижроси доирасида амалга оширилди.

Лойиҳа аҳоли зич жойлашган водийда транспорт инфратузилмасини яхшилаш, фуқароларга хавфсиз ва арзон хизмат кўрсатиш, йўловчи ташиш ҳажмини оширишга хизмат қилади. 324 километрлик темир йўл ҳалқаси ҳудудларни янада яқинлаштириб, тадбиркорлик ва туризмни ривожлантириш учун шароит яратади.

Янги поезд

Янги поезд Тошкентда ишлаб чиқарилган бўлиб, 6 вагондан иборат ва 586 ўринли. У соатига 120 километргача тезликда ҳаракатлана олади. Чипта нархи 15 минг сўм этиб белгилангани уни автомобил транспортига нисбатан анча арзон қилади.

Кутилишича, поезд кунига 1,5 минг, йилига қарийб 600 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатади. Бу эса ҳудуд иқтисодиётида фаолликни ошириб, янги иш ўринлари яратилишига туртки беради.

Вагондаги қулайликлар

Вагонлар замонавий қулайликлар билан жиҳозланган: иқлим назорати, кондиционерлар, бепул Wi-Fi ва USB портлар мавжуд. Ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус шароитлар яратилган, велосипед ташиш имконияти ҳам бор.

Шунингдек, хавфсизликка катта эътибор қаратилган. Вагонларда видеокузатув тизими ва зарба кучини камайтирувчи технологиялар ўрнатилган бўлиб, халқаро стандартларга мос келади.

Ушбу темир йўл ҳалқаси Фарғона водийсининг туризм салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бекатлар атрофида хизмат кўрсатиш объектлари, меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш масканларини ривожлантириш маҳаллий аҳоли учун қўшимча даромад манбаи бўлади.

Теглар

Мавзуга оид