Фарғона водийсига бензин таъминоти 7 баробарга оширилди
05.09.2025 | 10:303 дақиқа
Газ таъминоти тўхтатилиши фонида Фарғона водийси аҳолиси учун 2000 тонна бензин ажратилди — бу одатдагидан 7 баробар кўп.

5 сентябр куни соат 12:00 дан бошлаб «Оҳангарон–Пунғон» магистрал газ қувурида техник ишлар сабабли Фарғона водийсида 36 соат давомида табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилиши эълон қилинганди. Бу вақтида автомобилларга газ қуйиш шохобчалари (АГТКШ) фаолияти ҳам чекланади.
Шу муносабат билан, Энергетика вазирлиги топшириғига кўра, «Ўзбекнефтгаз» АЖ вилоят аҳолисининг бензинга бўлган эҳтиёжини қоплаш мақсадида биржа савдолари орқали 2 000 тонна АИ-92 бензин ажратилишини маълум қилди (https://t.me/ao_uzbekneftegaz/9616).
Мазкур кўрсаткич одатдаги кунлик савдо ҳажми — 250–300 тоннадан 7 баробар кўп. Бундай кенгайтирилган ҳажм аҳолининг тўсатдан юзага келган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади. Қўшимча равишда, вилоятдаги нефт базалари фаолияти 24 соатлик иш режимига ўтказилди. Бензин мудом ва узлуксиз равишда АЁҚШларга етказиб берилиши таъминланмоқда.
Ҳукумат аҳоли ва ҳайдовчиларни бензин таъминоти бўйича хавотирга тушмасликка, муаммосиз хизмат кўрсатилишини ваъда қилмоқда. Газ таъминоти тиклангандан сўнг АГТКШлар фаолияти ҳам қайта тикланиши маълум қилинди.





