Фарғонада банк маркази раҳбари пора олганликда гумонланмоқда
Мансабдор шахс банкнинг бош офисидаги танишлари орқали унга 2,5 млрд сўм миқдорида кредит ажратиб бериш эвазига кредитнинг 5 фоизини, яъни 125 млн сўм талаб қилган.
© DXX matbuot xizmatiЖиззах ва Фарғона вилоятларида коррупцияга қарши ўтказилган тезкор тадбирлар давомида икки мансабдор шахс пора олишда гумон қилиниб қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокимлигининг мансабдор ходими тадбиркорнинг ишончига кириб, туман мелиорация бўлими балансидаги 45 сотих ер майдонини ўз танишлари орқали олиб беришни ваъда қилган. Шунингдек, у тадбиркорнинг танишини маҳаллий корхоналардан бирига ишга жойлаштириб беришини ҳам билдирган.
Тергов материалларига кўра, ҳокимлик ходими мазкур хизматлари учун 500 доллар талаб қилган. У сўралган маблағни олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Текширув жараёнида ушбу шахс аввал ҳам шу масалаларни ҳал қилиб бериш баҳонасида фуқародан 3,5 миллион сўм олгани ва маблағни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани аниқланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишларини олиб бормоқда.
Кредит учун 10 минг доллар
Фарғона вилоятида қайд этилган ҳолатда эса хусусий акциядорлик тижорат банкларидан бирининг Фарғона банк хизматлари маркази раҳбари тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқарога 2,5 миллиард сўм миқдорида кредит ажратиб беришни ваъда қилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, банк масъули кредит суммасининг 5 фоизини, яъни 125 миллион сўмни хизмат ҳақи сифатида талаб қилган. У сўралган маблағнинг 10 минг доллар қисмини олаётган вақтида тезкор тадбир давомида ушланган.
Айни пайтда ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.





