add

Фарғонада Жанубий Корея компанияси автомобил эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаради

Жанубий Кореянинг «Hansae Mobility» компанияси Фарғонада 30 млн долларлик саноат лойиҳасини бошлаб, 200 дан ортиқ иш ўрни яратади.

Фарғонада Жанубий Корея компанияси автомобил эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаради

Фарғона вилоятида Жанубий Кореянинг «Hansae Mobility» компанияси иштирокида автомобил эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш бўйича йирик саноат лойиҳаси амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокимлигига кўра, мазкур корхона Қувасой шаҳридаги «Қўқон» эркин иқтисодий зонасининг маҳаллий филиалида жойлашади ва унинг умумий қиймати 30 миллион долларга тенг.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров компаниянинг катта ижрочи директори Жонг Дай Вон билан учрашиб, лойиҳани амалга ошириш, зарур инфратузилмани яратиш ва корхона фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди. Биринчи босқичда 100 та, кейинчалик эса 200 тадан зиёд иш ўрни яратилиши кўзда тутилгани таъкидланди.

Учрашувда ҳоким Корея компанияси фаолиятини доимий қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдириб, лойиҳанинг вилоят саноати ривожида муҳим ўрин эгаллашини қайд этди. Мазкур ҳамкорлик октябр ойидаги Фарғона делегациясининг Кореяга амалий ташрифидан кейин шаклланган бўлиб, ўшанда икки томон ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди.

Маълумот учун, «Hansae Mobility» тормоз тизимлари, рул бошқаруви, ярим ўқлар, электр қисмлар ва «ADAS» — автопилот ҳамда хавфсизлик сенсорларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания маҳсулотларини GM, Stellantis, Volkswagen, Rivian, VinFast, UzAuto каби дунё брендларига етказиб беради.

Теглар

Мавзуга оид