Logo

Фарғонада кешбек орқали 3,2 млрд сўм талон-торож қилинди

Бугун 10:302 дақиқа

Фарғона вилоятида «Soliq Mobile» иловаси орқали сохта харид чеклари ва электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштириш йўли билан давлат бюджети маблағларини талон-торож қилиш схемаси фош этилди.

Фарғонада кешбек орқали 3,2 млрд сўм талон-торож қилинди © Soliq ilovasi

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида бир гуруҳ шахслар томонидан «Soliq Mobile» иловасидаги кешбек тизимидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди.

Маълум бўлишича, фуқаролар М.Х., М.Х. ва К.И. ўзаро тил бириктириб, «Telegram» тармоғида бир нечта гуруҳлар ташкил этган. Улар ушбу гуруҳлар орқали 7 та МЧЖ номидан расмийлаштирилган харид чекларидаги кешбек ҳуқуқини жисмоний шахсларга сотиш билан шуғулланган. Бунда оддий фуқаролар учун 1 фоизлик, ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган шахслар учун эса 12 фоизлик кешбек таклиф қилинган.

Сохта кешбеклар

Тергов маълумотларига кўра, мазкур 7 та корхона томонидан амалда ҳеч қандай молиявий операциялар бажарилмаган бўлса-да, гўёки 3,3 триллион сўмлик маҳсулот ва хизматлар сотилгани ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилган. Шунингдек, савдодан тушган маблағлар онлайн назорат-касса машиналари орқали кирим қилингани кўрсатилиб, харид чеклари шакллантирилган.

Натижада 211 584 нафар фуқарога «Soliq Mobile» иловаси орқали жами 28,5 миллиард сўм кешбек ҳисобланган. Унинг 3,2 миллиард сўми бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаб берилгани аниқланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу ҳаракатларни бюджет маблағларини ўзлаштириш ёки растрата қилиш орқали талон-торож қилиш сифатида баҳоламоқда. Шу билан бирга, сохта ҳужжатлардан фойдаланиш ҳолатлари ҳам қайд этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Аввалроқ Андижон вилоятида бир гуруҳ шахслар сохта ҳисоб-фактуралар ва харид чеклари орқали «Soliq Mobile» тизимидан 35,1 млрд сўм бюджет маблағини ноқонуний ўзлаштирганлиги маълум бўлган эди.

Теглар

Мавзуга оид

Фарғонада кешбек орқали 3,2 млрд сўм талон-торож қилинди | Vaqt.uz