
Фарғонада ўқитувчиларни навбатчиликка мажбурлаган директор ишдан олинди
Фарғона вилоятида ўқитувчиларни 13 кун давомида тун-у кун навбатчиликка жалб этган мактаб раҳбари лавозимидан озод этилди.

Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 37-мактабда педагог ходимларни тун-у кун навбатчиликка мажбурлаш билан боғлиқ ҳолат ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган хизмат текшируви натижасида мактаб директори вазифасини вақтинча бажариб келган шахс ишдан олинди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳабарларга кўра, 37-мактаб директори томонидан имзоланган буйруқ асосида ўқитувчилар 25 декабрдан 6 январга қадар, яъни 13 кун давомида мактаб ҳудудида тун-у кун навбатчилик қилишга жалб этилган. Буйруқда бу чора «тинчлик ва осойишталикни сақлаш ҳамда хавфсизликни таъминлаш» мақсадида экани қайд этилган.
Ҳолатни ўрганган Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мазкур навбатчилик педагог ходимларнинг лавозим мажбуриятларига кирмаслигини ҳамда амалдаги тартиб-қоидаларга зид эканини тасдиқлади. Текширув жараёнида раҳбар томонидан педагогик жамоага ноқонуний равишда қўшимча вазифа юклатилгани аниқланган.
Натижада 6 январ куни қабул қилинган буйруққа асосан мактаб директори вазифасини вақтинча бажариб келган X.Н. лавозимидан озод этилди. Шу билан бирга, таълим тизими раҳбарларига келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан қатъий огоҳлантириш берилди.
«Ҳурматли ижтимоий тармоқ кузатувчилари ва фойдаланувчиларидан битта мактабдаги жараённи бутун тизимдаги ҳолат сифатида баҳоламасликларини сўраб қоламиз», дейилади Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабарида.
Аввалроқ Тошкент вилоятида ўқувчиларнинг тарбиявий жазо сифатида мажбурий меҳнатга жалб этилгани учун мактаб маъмуриятига нисбатан маъмурий жарима қўлланилгани ҳақида ҳам хабар берилган эди.





