Фарғонадан 2,1 млрд сўмлик олтинни ноқонуний олиб чиқишга уринган шахс ушланди

Кеча 10:171 дақиқа

Қирғизистонга ноқонуний равишда олтин олиб ўтмоқчи бўлган шахс чегарада ушланди, қимматбаҳо қуймалар мусодара қилинди.

Фарғонадан 2,1 млрд сўмлик олтинни ноқонуний олиб чиқишга уринган шахс ушланди

Фарғона вилоятида 2 миллиард сўмдан ортиқ қийматга эга олтин қуймаларини ноқонуний равишда Қирғизистонга олиб ўтмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Фарғона туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахс бошқарувидаги «Damas» автомашинаси «Водил-авто» чегара божхона постида тўхтатилган.

Текширув жараёнида автомашина кузови ичига яширилган 4 дона ностандарт шаклдаги олтин қуймалари аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Экспертиза хулосасига кўра, қуймаларнинг соф оғирлиги 1 килограмм 232 граммни ташкил этади. Уларнинг умумий қиймати 2 миллиард 182 миллион 466 минг сўмга баҳоланган.

Жиноят иши

Мазкур ҳолат юзасидан ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган. Фуқаро Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» банди — божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳолати бўйича жавобгарликка тортилмоқда.

Қонунчиликка мувофиқ, ушбу жиноятда айбдор деб топилган шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима тайинланиши мумкин. Шунингдек, унга уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши эҳтимоли ҳам мавжуд.

Теглар

Мавзуга оид