Фарқ қисқармоқда: 2026-йил I чорак учун Humo ва Uzcard фойдаси маълум бўлди

Бугун 16:272 дақиқа

Уч ой ичида Humo фойдаси 4,3 баробар кўпайиб, 200 млрд сўмдан ошиб кетди. Uzcard фойдаси ҳам 2025-йилга нисбатан кўпайди. Тўлов тизимларининг SMS хабарномалар нархи муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Фарқ қисқармоқда: 2026-йил I чорак учун Humo ва Uzcard фойдаси маълум бўлди

Ўзбекистонда маҳаллий тўлов тизимлари 2026-йилнинг I чораги учун молиявий ҳисоботларини эълон қилди.

«Миллий банклараро процессинг маркази» АЖ — Humo уч ой ичида 205,9 млрд сўм соф фойда олишга эришди. Бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 4,3 баробар кўп. Ўшанда тўлов тизими 48 млрд сўм фойда олганди.

Ўтган йил билан солиштирилганда компания даромади 99,2 млрд сўмдан 308,6 млрд сўмга ўсди. Бунда харажатлар ўсиши анча камроқ бўлиб, 33,2 млрд сўмдан 55,2 млрд сўмга етди.

Фойда ва даромад кескин ўсишига қарамасдан, Humo тўлов тизими фойда солиғи учун 2026-йилда анча камроқ тўлади.

Ўтган йили фойда солиғига 8,8 млрд сўм тўланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич атиги 11,2 млн сўмни ташкил қилди. Бунга Humo 2025-йил апрелида IT Park резидентлари қаторига қўшилгани ва солиқ имтиёзларидан фойдалангани сабаб бўлди.

Маълумот учун, Humo тўлов тизимини 2025-йил бошида Paynet компанияси 65 млн долларга сотиб олганди. Paynet’нинг ўзи I чоракни қарийб 500 млрд сўмлик фойда билан якунлаганди.

«Ягона умумреспублика процессинг маркази» АЖ — Uzcard эса I чоракни 437,4 млрд сўм соф фойда билан якунлади. Бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 42,2 фоизга ёки қарийб 130 млрд сўмга кўпроқ.

Бунда компаниянинг уч ойдаги даромадлари 38,3 фоизга ёки 172,2 млрд сўмга ўсиб, 621,7 млрд сўмни ташкил қилди. Харажатлар эса 41,4 фоизга ошиб, 199,9 млрд сўмга етди.

2025-йилда фойда қандай бўлганди?

2025-йилги тўлиқ ҳисобот йилида Uzcard фойдаси Humo’никидан 4 баробар кўпроқ эди. Томонлар мос равишда 1,3 трлн сўм ва 312,5 млрд сўм соф фойда олганди.

Иккала тўлов тизими орасидаги соф фойда фарқи 2026-йилнинг I чорагида камайиб, 2,1 баробарни ташкил қилмоқда.

Uzcard бу кўрсаткич билан Ўзбекистондаги 90 фоиз банкдан кўпроқ фойда олишга эришганди. Шунга қарамай, компания йил давомида 542,4 млрд сўмлик солиқ имтиёзларидан ҳам фойдаланган.

Тўлов тизими солиқ имтиёзидан фойдаланиш бўйича мамлакатдаги ташкилотлар орасида ТОП-10 ликдан жой олган.

SMS хабарномалар нархи

Ўтган ойда Uzcard ва Humo SMS хабарномалари нархи қанча экани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Бунга Humo’нинг нархни ошириш ҳақида хабари сабаб бўлди.

Uzcard тўлов тизимида 5800 рақами орқали юбориладиган SMS-хабарлар учун тариф 168,4 сўм этиб белгиланган. Ушбу хизмат PlayMobile компанияси томонидан тақдим этилади ва янги тариф 2025-йил 1 мартдан амал қила бошлаган.

HUMO тизимида эса SMS тарифини ошириш режаси қайта кўриб чиқилди. Фойдаланувчилар фикри инобатга олинган ҳолда, 2026-йил 1 майдан бошлаб тариф ўзгармасдан қолди ва 84,2 сўм миқдорида сақланди.

Теглар

Мавзуга оид