Фавқулодда ҳолатлар соҳасига сунъий интеллект ва робототехника жорий этилади

21.10.2025 | 12:402 дақиқа

Президент фармонига мувофиқ, фавқулодда ҳолатлар хавфини камайтириш мақсадида сунъий интеллект, робототехника ва рақамли технологиялар ёрдамида аҳоли ва ҳудудлар муҳофазаси кучайтирилади.

Фавқулодда ҳолатлар соҳасига сунъий интеллект ва робототехника жорий этилади

Ўзбекистон Президентининг «Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида»ги фармони (PF–185-сон, 2025 йил 20 октябр) қабул қилинди. Ҳужжатда соҳа фаолиятини модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича устувор йўналишлар белгилаб берилди.

Фармонга кўра, эндиликда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини камайтириш ишлари маҳалла даражасигача етказилади. Бу борада профилактика ва барвақт огоҳлантириш тизимлари яратилади ҳамда уларнинг самарадорлиги оширилади.

Шунингдек, давлат назоратининг шакллари ва меъёрлари замон талабларига мувофиқ қайта кўриб чиқилади. Бу тизимни такомиллаштириш мақсадида янги норматив базалар ва амалий механизмлар жорий этилади.

Энг муҳим йўналишлардан бири сифатида фавқулодда ҳолатлар хавфини камайтириш жараёнларига сунъий интеллект, робототехника ва замонавий рақамли технологияларни кенг қўллаш белгиланди. Шунингдек, соҳадаги барча идора ва ташкилотларнинг ахборот тизимлари ягона технологик платформага бирлаштирилади.

Концепция доирасида аҳолини «махаллабай» ва «хонодонбай» асосда ҳимоя қилиш, кўнгилли қутқарувчиларни жалб этиш, мониторинг ва прогноз тизимини янгилаш ҳам назарда тутилган. Шу билан бирга, энергетика, кимё, радиация ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларнинг барқарор фаолиятини таъминлаш чоралари белгиланди.

Мазкур фармон фавқулодда вазиятларга тайёргарлик ва уларнинг олдини олиш соҳасида давлат сиёсатининг янги йўналишини бошлаб бериши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид