add

Fitch: Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар 2026 йилда кескин ошиши мумкин

Бугун 19:201121 дақиқа

Fitch Ratings’ning CIS+ давлатлари бўйича янгиланган прогнозида Ўзбекистон банк секторида 2026 йилда барқарорлик сақланиши айтилган бўлса-да, муаммоли кредитлар улуши янада ошиши таъкидланди.

Fitch: Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар 2026 йилда кескин ошиши мумкин

Агентлик таҳлилларига кўра, келаси йил банклар молиявий кўрсаткичлари умумий барқарорликка эга бўлади, бироқ эски хавфларни тан олиш жараёни давом этиши туфайли муаммоли кредитлар ўсиши кутилмоқда. Бу ҳолат сектор даромадлилигига босим ўтказади ва айрим банкларда капитал юкини оширади.

Fitch 2026 йилда муаммоли кредитлар улуши умумий кредитлар портфелида 9–10 фоизга етиб, максимумга чиқишини башорат қилмоқда. Эски хавфларнинг давлат банкларида тўпланиб келгани, шунингдек чакана кредитлар «пишиб етилгани» натижасида микроқарзлар бўйича ҳам йўқотишлар кўпайиши тахмин қилинган. Агентлик MHXS мезонларига кўра, 3-босқич қадрсизланган кредитлар «муаммоли кредит» сифатида баҳоланишини эслатган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров: «Пандемиядан кейин яна авжига чиққан маъмурий кредитлаш ва банкларнинг нохос вазифаларга ундалиши, маҳаллабайдан тортиб тижорий бинолар қурилишигача турли бюрократик авантюраларда иштирок этишга мажбурлаш натижасида секторда муаммоли активлар етарлича жамланиб қолган. Ҳа, банклар чакана секторига ўлчовсиз ва тайёргарликсиз киргани, айниқса микроқарзлар бозорида фаоллашгани натижасида йиғилган муаммолар ҳам етарлича», — дея фикр билдирган.

Иқтисодчига кўра, муаммоли кредитларни тан олишни ортга суриш тўғри эмас. Агар тан олиш натижасида капитал ёки ликвидлик бўшлиқлари аниқланса, давлат банклари бу муаммоларни ўз ҳисобидан бартараф этиши керак. 2026 йилда давлат банклари капиталини бюджетдан қўшимча маблағ билан тўлдириш режалаштирилмаётгани ҳам таъкидланади.

Теглар

Мавзуга оид