
«Формула-1» пилотлари рекорд даромад қилди
2025 йилги «Формула-1» мавсумида энг юқори маош олувчи пилотлар умумий ҳисобда 363 млн доллар даромад қилиб, серия тарихида мутлақ рекорд ўрнатди.

2025 йилги «Формула-1» мавсуми молиявий кўрсаткичлар бўйича тарихий натижалар билан якунланди. Forbes ҳисоб-китобларига кўра, чемпионатдаги энг юқори маош олувчи 10 нафар пилот трекдаги натижалари ҳисобидан жами 363 млн доллар даромад олган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 15 фоизга, 2021 йилга нисбатан эса 72 фоизга юқори.
Даромадларнинг кескин ўсиши «Формула-1» бизнесининг умумий қиймати ошгани ва жамоалар учун жорий этилган харажатлар лимити пилотлар маошига татбиқ этилмаслиги билан изоҳланмоқда. Натижада етакчи пойгачилар учун маош ва бонуслар сезиларли даражада кўпайди.
Молиявий рейтингда биринчи ўринни Red Bull жамоаси пилоти Макс Ферстаппен эгаллади. У 2025 йилда трекда 76 млн доллар ишлаб топди, шундан 65 млн доллари асосий маош, 11 млн доллари бонусларга тўғри келади. Ферстаппен чемпионликни қўлдан бой берган бўлса-да, мавсумни саккизта Гран-при ғалабаси билан якунлади.
Иккинчи ўринда Ferrari жамоасига ўтган Люис Ҳэмилтон жой олди. Етти карра жаҳон чемпиони биринчи мавсумда 70,5 млн доллар даромад қилди. Бу маблағнинг қарийб барчаси рекорд даражадаги асосий маошдан иборат бўлди. Бироқ, спорт натижалари жиҳатидан бу мавсум Ҳэмилтон учун энг мураккабларидан бири бўлди.
Учинчи ўринни McLaren пилоти Ландо Норрис эгаллади. У 57,5 млн доллар даромад қилиб, бонуслар бўйича мавсум етакчисига айланди. Норрис 2008 йилдан бери McLaren’га илк чемпионликни олиб келган пилот сифатида тарихга кирди.
ТОП-10 рўйхатидан шунингдек Оскар Пиастри, Шарл Леклер, Фернандо Алонсо, Жорж Расселл ва бошқа етакчи пойгачилар ўрин олган. Forbes рейтинги фақат маош ва бонусларни қамраб олади, реклама шартномалари ҳисобга олинмайди.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида FIA Awards Ceremony 2025 тантанали маросими ўтказилди, унда «Формула-1» ва жаҳон автоспортининг етакчи юлдузлари иштирок этгани ҳақида хабар берган эдик.

