add

Фуқаролар энди ўзлари тўлаган солиқлар сарфини онлайн кузата олади

Бугун 17:582 дақиқа

Openbudget.uz порталида энди жисмоний шахслар тўлаган айрим солиқлар қайси йўналишларга сарфланаётганини кўриш мумкин.

Фуқаролар энди ўзлари тўлаган солиқлар сарфини онлайн кузата олади

2026 йил 1 январдан бошлаб фуқаролар ўзлари тўлаган айрим солиқ тушумлари давлат бюджети доирасида қайси йўналишларга йўналтирилаётганини онлайн тарзда кузатиш имконига эга бўлди. Бу имконият Openbudget.uz порталида ишга туширилган янги модул орқали таъминланмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилишича, «Жисмоний шахсларнинг бевосита солиқлари ҳисобидан харажатлар» модули фуқароларга даромад солиғи, ер солиғи ҳамда мол-мулк солиғи ҳисобидан амалга оширилган харажатлар таркибини кўриш имконини беради. Ушбу солиқ тушумлари ҳисобидан қарийб 70 та йўналиш бўйича харажатлар молиялаштирилмоқда.

Модул орқали маълумот олиш учун фуқаролар тегишли саҳифага OneID тизими орқали кириши лозим. Тизимда ҳар бир солиқ тури бўйича маблағлар қайси соҳаларга йўналтирилгани алоҳида кўрсатилади.

Шу билан бирга, ҳисобот фақат жисмоний шахсларнинг тўғридан тўғри солиқларини қамраб олиши таъкидланмоқда. Давлат бюджети даромадларида катта улушга эга бўлган қўшилган қиймат солиғи ва бошқа билвосита солиқлар ушбу модулда акс эттирилмаган. Сабаби, улар юридик шахслар орқали ундирилади.

Маълум бўлишича, расмий иш жойига эга бўлмаган, ер ёки мол-мулк солиғи тўламайдиган фуқаролар модулдан фойдаланганда бўш жадвални кўриши мумкин. Бу эса уларнинг умуман солиқ тўламаётганини ёки давлат бюджетига ҳисса қўшмаётганини англатмайди.

Маълумот учун, жисмоний шахслардан ундириладиган даромад солиғи 2025 йил якунида 41,4 трлн сўмни ташкил этиши назарда тутилган. Бу давлат бюджети даромадларининг қарийб 12 фоизига тўғри келади. Ер солиғи тушумлари 9,7 трлн сўм, мол-мулк солиғи эса 7,9 трлн сўм бўлиши прогноз қилинган.

Теглар

Мавзуга оид