Logo

Фуқаролар энди Президент Халқ қабулхонасидаги мурожаатини ўзи назорат қилади

Бугун 19:001 дақиқа

Президент Халқ қабулхонаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда мурожаатлар бўйича қайта алоқа — SMS-хабарнома хизматини ишга туширди.

Фуқаролар энди Президент Халқ қабулхонасидаги мурожаатини ўзи назорат қилади © Foto: Prezident xalq qabulxonasi

Ўзбекистон президентининг Халқ қабулхонасига pm.gov.uz портали орқали юборилган мурожаатларни энди фуқароларнинг ўзи назорат қилиши мумкин.

Бунинг учун порталда Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда SMS-хабарнома хизмати ишга туширилди. У орқали мурожаатнинг ҳар бир босқичи ҳақида шахсий кабинет ва SMS орқали маълумот бериб борилади.

SMS-хабарномаларни олиш учун фуқаро шахсий кабинетдаги созламалар орқали зарур билдиришномаларни SMS шаклида юбориш имкониятини белгилаши керак.

Мурожаат ёпилгани ҳақидаги SMS-хабарномада махсус ҳавола берилади. Фуқаро ушбу ҳавола орқали кириб, тегишли ташкилотнинг жавоби билан танишиши мумкин.

Жавобдан қониққан фуқаро «Розиман» тугмасини босиб, муносабатини билдиради. Агар жавобдан қониқмаса, «Эътирозим бор» тугмасини босиши мумкин.

Бундай ҳолатда мурожаат қайта ижрога қайтарилади ва қайта кўриб чиқилади. Шу тариқа фуқаро мурожаатининг натижасини баҳолаш ва унинг ижросига таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

«Эътирозим бор» тугмаси босилганда, фуқаро эътироз сабабларидан бир ёки бир нечтасини танлаши ёки ўз фикрини ёзиб қолдириши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид

Фуқаролар энди Президент Халқ қабулхонасидаги мурожаатини ўзи назорат қилади | Vaqt.uz