
Газ билан таъминланмаган ҳудудларга қишда 2000 kWh электр имтиёзи берилиши кўриб чиқилмоқда — энергетика вазири
Энергетика вазири парламентдаги чиқишида Норвегияни мисол келтириб, қишда уйлар газда эмас, электрда иситилиши кераклигини таъкидлади. Баёнотдан тушуниш мумкинки, яқин келажакда Ўзбекистонда уй хўжаликлари тўлиқ табиий газдан узилади ва қишки мавсумда ҳам иситишда электр энергиясидан фойдаланишга ўтилади. Бироқ бу ҳолатда барқарор электр энергияси билан таъминланадими, деган савол очиқ қолган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Зиёдбек Юнусов энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга «аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда ва автомобилларга метан тўлдириш шохобчаларида узилиш бўлмайдими?» деб савол берди.
Саволга жавобан Жўрабек Мирзамаҳмудов энг аввало инсон омилини камайтирган ҳолда рақамлаштиришни тўлиқ жорий қилиш шартлиги, шунда етказиб беришда жойлардаги ноқонуний ҳолатларнинг тўлиқ олди олинишини таъкидлади.
«Ўзбекистондаги ишлаб чиқарилаётган суюлтирилган газ тўлиқ, ҳаттоки хорижий компанияларда ишлаб чиқарилаётган суюлтирилган газ ҳам тўлиқ аҳоли эҳтиёжи учун олиняпти. Ҳаттоки нархлар орасидаги тафовут учун бюджетдан субсидия ҳам бериляпти. Ҳисоб-китоб қилганимизда 663 минг тонна газ аҳоли эҳтиёжлари учун тўлиқ етади, фақатгина тўғри тақсимлаб, тўғри етказа олсак», — деди Мирзамаҳмудов.
Энергетика вазири қишки иситиш мавсумида газдан фойдаланишни тобора чеклаш, электр энергияси учун имтиёзли лимитлар назарда тутилаётгани ҳақида ҳам гапирди.
«Таъминот жиҳатидан генерация қувватлари янги батарея тизимлари жорий қилинишини инобатга олиб, бир нарсага келиняптики, биз бундан буён кўпроқ иситиш тизимларини электр энергияси ҳисобидан амалга ошириш, электр энергияси билан барқарор таъминлаш бўйича алоҳида ишларни олиб боришимиз керак. Ҳаттоки Норвегия газ бўйича дунёдаги энг бой давлат, лекин умуман газда иситмайди, тўлиқ электр энергияси ҳисобидан, ҳолбуки уларда совуқ кунлар бизга нисбатан кўпроқ. Газ билан таъминланмаган ҳудудларда имтиёзли тариф жорий қилиш бўйича ҳисоб-китоб қилишимизча, 2000 kWh гача қувват тўлиқ қишки мавсумда электр энергиясида иситиш учун етарли бўлар экан. Бу бўйича биз ҳозир молия ва иқтисодиёт вазирлиги билан ишлаяпмиз. 50 фоизли тўлов имтиёзига эга кўп қаватли уйларга жорий қилинган тизимни бу ҳудадларда ҳам жорий қилишни кўзда тутяпмиз», деди Мирзамаҳмудов.
Вазир шунингдек, ҳудудларда газ тақсимотини ҳам хусусий операторларга бериш назарда тутилаётганини айтиб ўтди.
«Табиий газ бўйича назорат тизимини тақсимлашни тартибга келтирилмоқда, ҳозир тўлиқ полиэтилен қувурларга ўтказиляпти. Хабарларингиз бор, илк марта Самарқанд вилоятида электр тақсимлаш тизими халқаро тендер асосида ҳусусий инвесторга берилмоқда. Худди шу каби биз Осиё тараққиёт банки билан биргаликда газ тақсимлаш тизими бўйича ҳам ишлаяпмиз. Яъни бу ерда ҳам хусусий инвестор ва ҳусусий операторга тақсимот тизимини берилади», — деди Мирзамаҳмудов.
Вазир айнан қачондан имтиёзли тарифлар жорий этилишига аниқлик киритмаган, фақат ҳисоб-китоб ва ишлар олиб борилаётгани ҳақида мавҳум жавоб берган. Баёнотлардан тушуниш мумкинки, яқин келажакда Ўзбекистонда уй хўжаликлари тўлиқ табиий газдан узилади ва қишки мавсумда ҳам иситишда электр энергиясидан фойдаланишга ўтилади. Бироқ бу ҳолатда барқарор электр энергияси билан таъминланадими, деган саволлар очиқ қолган.





