add

Газлашмаган уйлар учун электр энергияси бўйича имтиёзлар ҳали ишлаб чиқиш жараёнида — Энергетика вазири

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бу борада имтиёзлар бўйича лойиҳа ҳали ишлаб чиқилаётгани, 2026 йилнинг майига қадар тарифлар оширилмаслигини маълум қилди.

Газлашмаган уйлар учун электр энергияси бўйича имтиёзлар ҳали ишлаб чиқиш жараёнида — Энергетика вазири

Ўзбекистонда газ билан таъминланмаган хусусий уйлар аҳолиси учун электр энергиясига имтиёзли тариф жорий этиш режаси ҳамон ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда 28 октябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди, деб хабар бермоқда Gazeta.uz.

Вазирнинг сўзларига кўра, лойиҳа ҳали қўшимча инфратузилма ҳисоб-китобларини талаб этади ва йил охиригача ҳукуматга тақдим этилади.

Энергетика вазирлиги 2024 йилнинг октябрида 2025 йил 1 январдан бошлаб газлашмаган хусусий уйлар учун ижтимоий норма доирасида электр энергиясига 50 фоизлик чегирма жорий этишни режалаштираётганини маълум қилганди. Ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳуқуқий экспертизага юборилгани айтилган, аммо кейин бу ташаббус амалга ошмаган.

Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг таъкидлашича, ҳозир газсиз ҳудудлардаги кўп қаватли уйлар электр энергияси учун 50 фоизлик чегирма билан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

«Агар кўп қаватли уйлар марказлашган электр тизимига уланган ва тўлиқ электрлаштирилган бўлса, амалдаги қонунчиликка кўра уларга 50 фоизлик чегирма берилади», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, янги генерация қувватларининг пайдо бўлиши бошқа ҳудудлар, жумладан Фарғона водийсида ҳам босқичма-босқич янги имтиёз тизимини жорий этиш имконини яратади. Ҳозирда айрим туманларда пилот ҳисоб-китоблар амалга оширилмоқда.

«Агар ҳудудларни электр энергиясига тўлиқ ўтказсак, газ ва кўмир етказиб бериш харажатлари қисқаради, лекин электр тармоқларига юклама 2–3 баробарга ортиб кетади. Шунинг учун аниқ ҳисоблар олиб борилмоқда», — деди вазир.

Вазир шунингдек, газлашмаган ҳудудлардаги аҳоли учун суюлтирилган газ ва кўмирни имтиёзли нархда етказиб бериш йўлга қўйилганини эслатиб ўтди. Ҳозир 4 млн дан ортиқ абонент суюлтирилган газни арзон нархда оляпти. Шу билан бирга, давлат энергия тежамкор ускуналар, жумладан, иссиқлик насослари ўрнатган фуқароларга субсидия бермоқда.

Журабек Мирзамаҳмудовнинг таъкидлашича, янги имтиёзлар тизими босқичма-босқич амалга оширилади ва йил охиригача ҳукуматга расмий таклиф киритилади.

«2026 йил 1 январдан бу аниқ жорий этилади, деган фикр унчалик тўғри эмас», — деди у.

Шу билан бирга, вазир тарифлар яқин ойларда оширилмаслигини таъкидлади.

«Бу йил охиригача ва қиш мавсумида тарифларни ошириш режалаштирилмаган. Фақат келаси йил май ойида инфляция даражасига мос индексация кўзда тутилган», деди у.

Теглар

Мавзуга оид

Газлашмаган уйлар учун электр энергияси бўйича имтиёзлар ҳали ишлаб чиқиш жараёнида — Энергетика вазири | Vaqt.uz