add

«Генерал Мороз» — Кремлнинг Украина урушидаги янги стратегиясига айланди

Бугун 11:582 дақиқа

Россиянинг қиш ўртасида энергетикага берган зарбалари Украинада янги қочқинлар тўлқинини келтириб чиқариш ва Европа Иттифоқига босимни оширишга қаратилган.

«Генерал Мороз» — Кремлнинг Украина урушидаги янги стратегиясига айланди© Foto: Yuliia Ovsiannikova/Avalon/IMAGO

Британиянинг «The Spectator» нашри Россия Украинага қарши урушда қишни қурол сифатида ишлатишга қаратилган янги, ҳисоб-китобли стратегияни амалга ошираётганини ёзди. Журнал таҳририят раҳбарининг ўринбосари Оуэн Мэтюз фикрича, сўнгги ҳафталарда Украина энергетика инфратузилмасига берилган кучли зарбалар шаҳарларни яшаш учун яроқсиз ҳолга келтиришни мақсад қилган.

Мақолада қайд этилишича, Кремл аввалги қишки кампанияларда кутилган самарага эриша олмаган, аммо 2026 йил қишида ҳаво ҳарорати кескин пасайган паллада стратегияни тубдан кучайтирган. Айрим ҳудудларда ҳарорат –16 даражагача тушган бир пайтда иссиқлик тармоқлари, электр узатиш тизимлари ва ҳаёт учун муҳим объектлар нишонга олинмоқда.

Оуэн Мэтьюз келтирган маълумотларга кўра, бир ҳафта ичида Россия томонидан қарийб 1100 та дрон, 890 та бошқариладиган авиабомба ва 50 дан ортиқ ракета қўлланган. Улар орасида гипертовушли «Орешник» ракетаси ҳам бор. Зарбалари асосан электр станциялари ва тураржой биноларига қаратилган.

Украина президенти Володимир Зеленский бу ҳужумларни «сурбетлик билан амалга оширилаётган террор» деб атаб, минглаб бинолар иссиқликсиз қолганини таъкидлади. Декабр охиридан бери Одесса, Суми, Днипро, Харкив, Житомир, Запорижжя ҳамда Киев ва атроф ҳудудларда электр ва иссиқлик таъминоти узилиб турди.

Мақолада таъкидланишича, қишда иссиқлик тармоқларининг вайрон бўлиши узоқ муддатли оқибатларга олиб келади: қувурлардаги сув музлаб ёрилади ва уларни баҳоргача тиклаш деярли имконсиз. Бу эса кўплаб украиналикларни мамлакатни тарк этишга мажбур қилмоқда. Чегарадан ўтиш оқими йил бошидан бери тахминан 27 фоизга ошган.

Нашр фикрича, Германия, Полша, Чехия ва Нидерландия каби давлатлар эҳтимолий янги қочқинлар тўлқинига тайёргарлик кўра бошлаган. Муаллифнинг баҳосига кўра, Москва ҳуманитар инқироз орқали Европа пойтахтларига сиёсий босим ўтказишни кўзламоқда.

Теглар

Мавзуга оид