Гиёҳванд моддалар, уй машмашаси ва ноқонуний тинтув: Санжар Каримов суди бўлиб ўтди

Суд мажлисида «Реал Санжик» гиёҳванд моддалар қаердан келгани айтди. Судя уй можаросига нуқта қўйиш учун нотариусни судга чақиришга қарор қилди.

Гиёҳванд моддалар, уй машмашаси ва ноқонуний тинтув: Санжар Каримов суди бўлиб ўтди © Фото: Kun.uz

Тадбиркор, «Реал Санжик» таҳаллуси билан танилган блогер Санжар Каримов уйидан топилган гиёҳванд моддаларни отаси шифокор тавсияси билан истеъмол қилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, отаси деменция касалига чалинган.

Бу ҳақда у бугун, 24 апрел куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида бўлиб ўтган навбатдаги очиқ суд жараёнида сўз очди.

«Ўша куни топилган наркотик моддани мен бировдан сотиб олмаганман. Отамнинг палтосидан чиққанди. Терговга отамнинг 2 йиллик касаллик варақасини ҳам тақдим этганман... Жаноб судя бу моддалар марҳум отамга тегишли эди. Отам кексалиги туфайли, оғриқларини қолдириш мақсадида чекиб турарди. Отам вафотидан кейин сиқилганда икки марта чекиб кўрганман, тан оламан, лекин сотиш ёки тарқатиш ниятим бўлмаган, бу отамдан қолган мерос. Мен катта тадбиркорман, бундай ишлар билан шуғулланишга ор қиламан», - деди Санжар Каримов.

Тинтув ноқонуний эдими?

Суд мажлисида адвокатлар тинтув жараёнида йўл қўйилган қатор қонунбузарликлар ҳақида маълумот берди. Унга кўра, Санжар Каримовнинг офисидаги фақат битта хонани тинтув қилишга рухсат олинган бўлса-да, амалда тўртта хона текширилган. Гиёҳванд моддаларнинг бир қисми айнан тинтув учун рухсат олинмаган хоналардан топилгани таъкидланди.

Шунингдек, тинтувда тезкор тадбир баённомасида номи қайд этилмаган ходимлар ҳам иштирок этгани маълум бўлди. Судда сўроқ қилинган ички ишлар органлари ходимлари буни раҳбариятнинг оғзаки топшириғи билан изоҳлади. Ҳимоя томони эса бир вақтнинг ўзида беш нафардан ортиқ ходим тинтув ўтказгани ва бу жараёнда атиги икки нафар холис иштирок этгани жиноят-протсессуал қонунчилигининг қўпол равишда бузилиши эканини билдирди.

Уй машмашаси

Судда Олимбоевалар оиласига тегишли уй билан боғлиқ фирибгарлик айблови ҳам кўриб чиқилди. Санжар Каримовнинг таъкидлашича, уйнинг пули олди-сотди шартномаси вақтида тўлиқ берилган, бироқ кейинчалик ушбу маблағлар эгаларининг хоҳишига кўра уларнинг куёвига топширилган. Каримов ҳозирги кунда ушбу уйни эгаларига қайтариб бериш ниятида эканини маълум қилди.

Шу муносабат билан, адвокатлар судядан ҳозирда Каримовнинг акаси номида бўлган уйга қўйилган тақиқни ечишни илтимос қилди. Ҳимоячиларнинг фикрича, агар тақиқ ечилиб, уй Олимбоевалар номига қайтарилса, Каримовга нисбатан қўйилган фирибгарлик айблови (Жиноят кодексининг 168-моддаси) бекор қилинишига асос бўлади.

Олимбоевларга тегишли уй-жой низоли бўлгани туфайли мазкур турар-жойга нисбатан суд томонидан Фуқаролик процессуал кодексининг 248-моддаси (Даъвони таъминлаш чоралари) 3-қисми бўйича тақиқ қўйилган эди. Раислик қилувчи судя Баҳром Бердиев томонларнинг сўзини тинглаб, келгусида юзага келиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олиш мақсадида, кейинги суд мажлисига нотариусни чақирган ҳолда, ушбу уйни собиқ эгаларига қайта расмийлаштириш жараёни амалга оширилиши мумкинлигини билдирди.

Мажлис давомида Санжар Каримовнинг адвокатлари Гейдар Алиевни суд ҳужжатларини ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилаётганликда айблаб, уни суд залидан чиқариб юбориш бўйича илтимоснома киритди. Судя ушбу илтимосномани қаноатлантирди ва Гейдар Алиев залдан чиқариб юборилди.

Шундан сўнг, суд мажлисида танаффус эълон қилиниб, кейинги мажлис жорий йилнинг 27 апрелига белгиланди.

Теглар

Мавзуга оид

Гиёҳванд моддалар, уй машмашаси ва ноқонуний тинтув: Санжар Каримов суди бўлиб ўтди | Vaqt.uz