Глобал бозор сари йўл: Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида муҳим баённома имзоланди

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида яна бир босқич якунланди.

Глобал бозор сари йўл: Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида муҳим баённома имзоланди © Foto: linkedin.com

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасида Ҳиндистон билан бозорга кириш масалалари бўйича икки томонлама музокараларни муваффақиятли якунлади.

Мамлакат Президентининг ЖСТ бўйича вакили Азизбек Уруновнинг маълум қилишича, бозорга кириш бўйича асосий келишув 2024 йилдаёқ шаклланган. Бироқ баённома матнини мувофиқлаштириш ва техник текширув жараёнлари қўшимча вақт талаб қилган.

«Бугун, ниҳоят, биз Ҳиндистон билан 2024 йилда келишилган бозорга кириш бўйича музокаралар якунлангани тўғрисидаги Баённомани имзоладик», — деди Урунов.

Унинг таъкидлашича, Ҳиндистон музокаралар давомида конструктив ёндашув намойиш этган ва Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган.

Расмий вакил ушбу жараёнда фаол иштирок этган Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Сардор Рустамбаев ҳамда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Смита Пантга миннатдорлик билдирди. Шунингдек, музокараларга ҳисса қўшган Ҳиндистон расмийлари ҳам алоҳида тилга олинди.

2026 йилгача ЖСТга қўшилиш режаси

Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштирмоқда. Расмий Тошкент мамлакатнинг ташкилотга киришини 2026 йилда Камерунда ўтказилиши режалаштирилган 14-вазирлар конференциясига қадар якунлашни мақсад қилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон қатор давлатлар билан муҳим келишувларга эришди. Хусусан, 2024 йилда Япония, Исроил, Доминикан Республикаси, АҚШ, Хитой ва Филиппин билан музокаралар якунланди. 2025 йилда эса Буюк Британия, Швейцария, Аргентина, Австралия, Ҳондурас, Канада, Панама, Эквадор ҳамда Европа Иттифоқи давлатлари билан бозорга кириш бўйича келишувлар имзоланди.

Теглар

Мавзуга оид