add

«GM» рақобатчиларидан мустаҳкамроқ чиқди: кучли ҳисоботдан сўнг таҳлилчилар таргетларни оширди

29.01.2026 | 12:553 дақиқа

Камида 13 нафар таҳлилчи «Chevrolet» ишлаб чиқарувчисининг акциялари бўйича мақсадли нархни оширди.

«GM» рақобатчиларидан мустаҳкамроқ чиқди: кучли ҳисоботдан сўнг таҳлилчилар таргетларни оширди

«General Motors» компаниясининг «ажойиб» деб баҳоланган чораклик ҳисоботи эълон қилинганидан сўнг камида 13 нафар таҳлилчи автоконцерн акциялари бўйича мақсадли нархни оширди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Ҳисобот нима ҳақида эди?

Детройтда жойлашган автогигант 27 январ куни юқори фойда ҳақида ҳисобот берди ва 2026 йил учун оптимистик прогнозни тақдим этди. Шунингдек, у 6 млрд долларгача бўлган акцияларни қайта сотиб олиш дастури ва дивидендларни оширишини эълон қилди. Солиқлардан олдинги тузатилган фойда йиллик ҳисобда 13 фоизга ўсиб, 2,84 млрд долларга етди. Бир акцияга тўғри келадиган фойда 2,51 долларни ташкил этди, бу «Reuters» сўровида қатнашган таҳлилчилар кутган 2,21 доллардан юқори бўлди.

27 январ куни «GM» акциялари 8,7 фоизга қимматлашиб, йил бошидан буёнги ўсишни 70 фоизга етказди. 28 январ куни эса котировкалар 1,7 фоизга тузатилди.

Таҳлилчилар ҳисоботга қандай муносабат билдирди?

«UBS» таҳлилчиси Жозеф Спак «GM» акциялари бўйича мақсадли нархни 97 доллардан 102 долларга оширди. Бу 28 январ кунги ёпилиш нархидан 20 фоизга юқори.

«Бу прогноз бизнинг акциялар рейтинги оширилганини тасдиқлайди – GM фойдани кўпайтириш учун кенг имкониятлар арсеналига эга», – деб ёзди Спак.

Сентябр ойида UBS акциялар бўйича тавсияни нейтралдан «сотиб олиш»га оширган эди.

«Bloomberg»нинг эслатишича, ҳозир АҚШ автосаноати учун осон давр эмас: тартибга солиш қоидалари ўзгармоқда, истеъмолчи талабининг барқарорлиги савол остида, савдо божлари билан боғлиқ ноаниқлик сақланиб қолмоқда. Шу фонга қарамай, «GM» рақобатчилари анча камтар натижалар кўрсатди: «Ford» акциялари бир йилда тахминан 37 фоизга, «Tesla» акциялари эса 10 фоиздан камроққа ўсган, «GM» акциялари эса 70 фоизга кўтарилган. «Wedbush» таҳлилчиси Дэн Айвзнинг сўзларига кўра, «GM» ушбу мураккаб шароитдан беайб ўта олди». У декабр ойида мақсадли нархни 75 доллардан 95 долларга оширганидан сўнг, уни шу даражада сақлаб қолди.

«Barclays» таҳлилчиси Дэн Леви аввал «GM» «кучли натижалар, аммо бозорнинг суст реакцияси» формуласига амал қилиб келганини қайд этди. Бироқ 2025 йил учинчи чорагидан кейин «GM» камида сўнгги ўн йил ичида ҳисоботдан кейинги энг кучли раллини кўрсатди. Левининг қўшимча қилишича, ўшандан бери ўсиш янада жадаллашган. 28 январ куни у мақсадли нархни 100 доллардан 110 долларга оширди ва «бозордан юқори» (Overweight) рейтингини сақлаб қолди.

«Morgan Stanley» таҳлилчиси Эндрю Персоко 27 январ куни мақсадли нархни 90 доллардан 100 долларга кўтарди ва «бозордан юқори» рейтингини сақлади. У АҚШ ва Жанубий Корея ўртасидаги савдо музокаралари, хомашё нархларининг инфляцияси ва «DRAM» хотира чиплари танқислиги каби хавфлар сақланиб қолишига қарамай, автоконцерн 2026 йил учун ўз прогноз диапазонининг юқори қисмига чиқиши мумкинлигини таъкидлади: EBIT бўйича тахминан 15 млрд доллар ва бир акцияга 13 доллар фойда.

«Piper Sandler» таҳлилчиси Александр Поттер мақсадли нархни 98 доллардан 105 долларга оширди.

«Тўртинчи чорак якунларига кўра, «GM» ҳали ҳам уни эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган даражада юқори фойдага эга экани ойдинлашди. Қисқача айтганда, бизнингча, инвесторлар бу акцияларни ушлаб туришда давом этишлари керак» – деб ёзди у.

«MarketWatch» маълумотларига кўра, ҳозирда GM акцияларини 29 нафар таҳлилчи кузатиб бормоқда ва уларнинг аксарияти автоконцерн қимматли қоғозларига ижобий қарайди. Улар орасида 18 та «сотиб олиш», тўққизта «портфелда ушлаб туриш» ва фақат иккита «сотиш» баҳоси мавжуд.

«TD Cowen» барча баҳолар орасида энг юқори янги таргетни белгилади – бир акция учун 122 доллар. Башоратларини қайта кўриб чиққан инвестиция банклари орасида, шунингдек, «Citigroup», «Barclays» ва «RBC Capital Markets» ҳам бор. «Bloomberg» таргетларни қайта кўриб чиқишни «GM» акциялари нархи ўсиши ҳали якунланмаганини англатувчи сигнал, деб ҳисоблайди.

Теглар

Мавзуга оид