
Google сайёҳлик дунёсида қўзғалон бошлади: энди сиздан бир жумла кифоя
Google’нинг сунъий интеллектга асосланган янги функциялари орқали дунё бўйлаб саёҳатингизни бир сўз билан режалаштириш мумкин бўлади. Янгиликдан туризм саноати безовта.

Google ўзининг «AI Mode» тизими орқали саёҳатчи фойдаланувчилар учун сунъий интеллект асосидаги бир қатор қулайликларни ишга туширди. Компания сайёҳлик режалаштиришни янада автоматлаштириш мақсадида учта асосий функцияни жаҳон бўйлаб кенгайтирмоқда: авиақидириш, саёҳат режасинни тузиш ҳамда ресторанларни брон қилиш.
«Flight Deals» деб номланган авиабилетлар сервисидан фойдаланиш аввал фақат АҚШ, Канада ва Ҳиндистонда мумкин эди. Энди эса у 200 дан ортиқ мамлакат ва 60 тилда ишлайди. Фойдаланувчи фақат қаерга, қачон ва қандай саёҳат қилишини айтса, Google автоматик равишда энг мақбул йўналиш ва нархларни тавсия қилади.
«Canvas» функцияси орқали эса тўлиқ саёҳат режасини тузиш мумкин: Google Maps орқали хариталар, фотолар, меҳмонхона ва парвоз нархлари, фойдаланувчи фикрлари — барчаси битта динамик саҳифада тақдим этилади. Бу имконият айни пайтда АҚШдаги муайян десктоп фойдаланувчиларига очиқ.
Яна бир янгилик — ресторан брон қилишни автоматлаштирувчи функция энди АҚШда барча фойдаланувчиларга очиқ. Фақат санаси, вақти, одам сони ва овқат турини айтсангиз бўлди — Google сиз учун стол банд қилади.
Компания тез орада шу имкониятларни ҳотел ва авиачипта брон қилишгача кенгайтиришни режалаштирмоқда. Google маълумотларни ягона интерфейсда тақдим этиш орқали анъанавий саёҳат платформалари билан рақобатни янги босқичга олиб чиқмоқчи.





