add

Гренландия ҳукумати: «Орол НАТО томонидан ҳимоя қилиниши керак»

Ҳукумат НАТО ҳимояси фақат иттифоқ доирасида бўлишини таъкидлаб, АҚШнинг назоратга олиш ҳақидаги даъволарини рад этди.

Гренландия ҳукумати: «Орол НАТО томонидан ҳимоя қилиниши керак»

Гренландия ҳукуматининг 12 январ куни эълон қилинган расмий баёнотида Арктикада жойлашган ушбу ҳудуд хавфсизлиги фақат НАТО доирасида таъминланиши кераклигини маълум қилди. Оролни АҚШ назоратига олиш ҳақидаги даъволарни қатъий рад этди.

«Reuters хабарига кўра, Гренландия коалицион ҳукумати барча НАТО аъзолари, жумладан, АҚШ ҳам, орол мудофаасида умумий манфаатга эга эканини таъкидлаган. Шу билан бирга, ҳукумат Гренландия устидан АҚШ томонидан ҳар қандай назорат ўрнатилишини қабул қилиб бўлмаслигини очиқ билдирган.

Баёнотда айтилишича, Гренландия Дания қироллиги таркибидаги автоном ҳудуд бўлиб, НАТО аъзоси ҳисобланади. Шу боис унинг мудофааси иттифоқ механизмлари орқали амалга оширилиши шарт. Гренландиянинг географик жойлашуви ва табиий ресурсларга бойлиги уни глобал кучлар диққат марказига айлантириб қўймоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп аввалроқ Вашингтон Гренландияни ўз назоратига олиши зарурлигини билдирган эди. Унинг фикрича, бу Россия ёки Хитойнинг Арктикада таъсирини кучайтиришининг олдини олади. Бироқ мазкур ғоя АҚШ Конгрессида ва халқаро майдонда жиддий қаршиликка учрамоқда.

Шу куни Европа Иттифоқининг мудофаа ва космос масалалари бўйича комиссари Андрюс Кубилюс АҚШ томонидан Гренландияга ҳарбий йўл билан эгалик қилиниши НАТОнинг парчаланишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Ушбу баёнот Европа давлатларида хавотирни янада кучайтирди.

Гренландия бош вазири Йенс-Фредерик Нилсен эса орол демократик жамият эканини ва барча қарорлар халқаро ҳуқуқ асосида қабул қилинишини билдирди. Унинг сўзларига кўра, 1979 йилдан бери мустақилликка босқичма-босқич интилиш барча сиёсий кучлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия ҳукумати Европа ҳамкорлари билан биргаликда Гренландияга ҳарбий контингент юбориш имкониятларини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар бергандик.

Теглар

Мавзуга оид