add

Гренландияни сотиб олиш режаси АҚШга 700 млрд долларга тушиши маълум бўлди

Лойиҳа АҚШ бюджетига катта юк солиши, иттифоқчилар билан муносабатларни кескинлаштириши мумкин.

Гренландияни сотиб олиш режаси АҚШга 700 млрд долларга тушиши маълум бўлди

Доналд Трамп маъмурияти Гренландияни қўлга киритиш имкониятини муҳокама қилишни давом эттираётган бир пайтда, бу режанинг эҳтимолий қиймати 700 миллиард долларга баҳоланмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, бундай сумма АҚШ мудофаа харажатларининг ярмидан ортиғини ташкил этиб, федерал бюджетга жиддий босим ўтказиши мумкин.

Гренландия расман Дания ҳудуди ҳисобланади ва орол атрофидаги ҳар қандай музокаралар халқаро ҳуқуқ ҳамда иттифоқчилик муносабатларига дахл қилади. Шу боис, Копенгаген ва орол маъмурияти Трампнинг «у ёки бу йўл билан» эгаллаш ҳақидаги баёнотларини бир неча бор қатъий рад этган.

Маълумотларга кўра, лойиҳа бўйича таҳлиллар олимлар ва собиқ юқори лавозимли амалдорлар иштирокида тайёрланган. Оқ уйда давлат котиби Марко Рубиога оролни сотиб олиш бўйича эҳтимолий таклиф устида ишлаш вазифаси юклатилган ва ҳужжат яқин ҳафталарда президентга тақдим этилиши кутилмоқда.

Бироқ режа АҚШ жамиятида ҳам қўллаб-қувватланаётгани йўқ. Reuters ўтказган сўровга кўра, америкаликларнинг аксарияти ҳарбий усулдан фойдаланишни мутлақо нотўғри деб ҳисоблайди. Шунингдек, иштирокчиларнинг катта қисми бу қадам НАТО ва Европа билан стратегик муносабатларга путур етказишидан хавотир билдирган.

Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Анна Келли Трампни миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш учун доимо «ижодий ғоялар» устида ишлашини таъкидлади. Трампнинг ўзи эса Truth Social тармоғида агар Америка Гренландияни олмаса, буни Россия ёки Хитой амалга ошириши ҳақида огоҳлантирди.

«АҚШга миллий хавфсизлик ва биз қураётган «Олтин гумбаз» (Golden Dome) лойиҳаси учун Гренландия керак. Агар биз буни амалга оширмасак, Россия ёки Хитой қилади. Бунга йўл қўйиб бўлмайди!», деб ёзган Трамп.

Теглар

Мавзуга оид