Logo

Гулирано Қосимова мактаб директорлигига тикланди

Бугун 20:462 дақиқа

Суд унинг ишдан бўшатилишини ғайриқонуний деб топди ва 3 ойлик мажбурий йўқлама (прогул) даври учун иш ҳақи ундириб берилишини белгилади.

Гулирано Қосимова мактаб директорлигига тикланди

Фарғона вилояти Фурқат туманидаги 29-мактабнинг собиқ директори Гулирано Қосимова фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан аввалги иш жойига тикланди ҳамда унга 3 ойлик мажбурий йўқлама (прогул) даври учун иш ҳақи ундириб берилади. Бу ҳақда Фарғона вилоят судлари маълум қилди.

Суд даъвогарнинг аризасини кўриб чиқиб, унинг ишдан бўшатилиши тўғрисидаги буйруқни ғайриқонуний деб топди. Қарорга асосан, даъво аризасида келтирилган ҳолатлар ҳаққоний деб баҳоланиб, фуқаронинг талаби тўлиқ қаноатлантирилган.

Гулирано Қосимова аввалроқ иш жойида ўтказилган турли ноқонуний текширувлар, шунингдек, яқинларига қилинган босимлар сабаб, лавозимидан кетишга мажбур бўлган эди.

«Бугун Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судида менинг даъво аризам кўриб чиқилди. Мен ноқонуний ишдан бўшатилганим бўйича судга мурожаат қилган эдим. Суд ишни ўрганиб чиқиб, даъво аризамни қаноатлантирди. Унда келтирилган ҳолатларни ҳаққоний деб топиб, ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ ғайриқонуний қабул қилинганини тасдиқлади. Натижада, мажбурий йўқлама (прогул) даврим учун 3 ойлик иш ҳақим ундирилиши ва аввалги иш жойимга тикланишим тўғрисида қарор қабул қилинди.

Бир йил олдинги судларга бўлган муносабатим билан ҳозиргиси ўртасида анчагина фарқ бор. Авваллари менда суд тизимига нисбатан қандайдир ишончсизлик бор эди. Лекин ҳозир судларга тўлақонли ишонишимнинг асл сабаби — ўзим бошдан кечирган ҳолатлардир. Жиноят ишлари суди бўладими, маънавий зарар ундириш бўйича фуқаролик суди ёки меҳнат қонунчилигига доир судлар бўладими, барчасида ишлар фақатгина одиллик билан кўриб чиқилганига шахсан гувоҳ бўлдим», — деди Қосимованинг ўзи баёнотида.

Қосимова иши

Ўтган йили Гулираъно Қосимова билан содир бўлган воқеа катта резонансга сабаб бўлган эди. Ўша пайтда Фарғона вилоятининг Фурқат туманида мактаб директори бўлиб ишлаган Гулираъно Қосимова ўзига нисбатан ички ишлар ходимлари томонидан зўравонлик ва таҳқирлаш ҳолатлари содир этилганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, туман ИИБ тезкор ходимлари уни ва солиқ инспекцияси бошлиғини «жиноят саҳнаси» сифатида саҳналаштирилган операцияга жалб этиб, урган, ечинтирган ва ёлғон айбловлар остида босим ўтказган. Аёл уларнинг айтганини қилмагани ва солиқ инспекцияси бошлиғига туҳмат қилиш таклифини рад этгани учун видеога олиниб, кейинроқ таҳдид ва шантажга учрагани айтилади.

Мазкур ҳолат судда кўриб чиқилиб, Жиноят ишлари бўйича Қува туман судининг 2025-йил 28-ноябрдаги ҳукми билан Фурқат туман ИИБ собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг ўринбосари Жасур Расуловга 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларида ўтаттирилиши белгиланган.

Жорий йил март ойида Гулираъно Қосимова ўз лавозимидан озод этилди. У 17-март куни расман ишдан бўшаган. Ишдан кетиш тўғрисидаги қарор томонларнинг ўзаро келишувига асосан қабул қилинган.

Теглар

Мавзуга оид