add

Гвардиола Ҳусановни энг муваффақиятли трансфер деб атади

Бугун 14:581 дақиқа

Ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг барқарор ўйини ва Лига кубогидаги фаоллиги уни «Манчестер Сити»нинг асосий футболчилари қаторига олиб чиқди.

Гвардиола Ҳусановни энг муваффақиятли трансфер деб атади

Манчестер Сити бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоа ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг ўйинига юқори баҳо бериб, уни клуб тарихидаги энг муваффақиятли трансферлардан бири сифатида эътироф этди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.

Гвардиоланинг таъкидлашича, Ҳусанов Англияга келишидан олдин Францияда юқори савияда ўйнаган ва янги жамоага мослашиш жараёни осон кечмаганига қарамай, қисқа вақт ичида ўзини кўрсата олган. Мураббий унинг жамоадаги ўрни алоҳида эканини, айниқса, юқори ҳимоя чизиғида ишончли ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

Испаниялик мутахассис Ҳусановнинг тўп билан ўйнаш маҳорати изчил ривожланиб бораётганини, у ҳали ёш бўлса-да, машғулотларга жиддий ёндашиши ва ҳар доим тўлиқ тайёр бўлишини қайд этди. Гвардиолага кўра, футболчи тезкорлик ва ишончлилик жиҳатидан ҳам сезиларли ўсиш кўрсатмоқда.

Мураббий клуб раҳбарияти Ҳусановни сотиб олиш орқали тўғри қарор қабул қилганини ҳам таъкидлади. Унинг фикрича, агар ҳозир футболчи трансфер бозорига чиқарилса, ўнлаб топ-клублар уни қўлга киритишга ҳаракат қилган бўлар эди. Чунки Ҳусанов ҳимоячи учун ноёб фазилатларга эга ва янги муҳитга тез мослаша олади.

Эслатиб ўтамиз, 13 январ куни Англия Лига кубоги ярим финали доирасида «Манчестер Сити» Нюкаслни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу баҳсда Ҳусанов ишончли ўйини билан ажралиб турди ва Sofascore талқинига кўра 8,1 балл билан учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Теглар

Мавзуга оид